Россиянинг Владимир вилоятидаги темирйўл кесишмасида поезд билан тўқнашув автобусда 55 нафар Ўзбекистон фуқароси ва қозоғистонлик икки ҳайдовчи бўлган. Бу ҳақда, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ануар Жайнаковга асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.

Фото: «ТАСС»

«Ҳайдовчилардан бири ҳалок бўлган, иккинчиси Покров шаҳридаги вақтинчалик сақлаш пунктида бўлиб турибди», — деди у. Жайнаковнинг сўзларига кўра, Россиядаги қозоқ дипломатлари ҳалок бўлган ва жабрланган Қозоғистон фуқароларига зарур ёрдамни кўрсатади.

6 октябрь куни маҳаллий вақт билан 3:39 да (Тошкент вақти билан 5:39 да) Владимир вилоятининг Петушинский туманидаги темрийўл кесишмасида автобус билан поезд ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Автобус кесишма устида ўчиб қолган. «Санкт-Петербург — Нижний Новгород» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган поезд машинисти фавқулодда тўхташни қўллашга уринган, бироқ составни тўхтата олмаган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ)нинг ҳудудий бошқармаси ва Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, ЙТҲ оқибатида 19 киши ҳалок бўлган (аввалроқ қурбонлар сони 21 кишига етгани ҳақида хабар берилган эди). ССВ маълумотига кўра, ЙТҲдан омон қолган 34 киши ҳозирда вақтинча яшаш пунктида бўлиб турибди. Автобус салонида 57 киши бўлган.