Россиянинг Владимир вилоятида автобус ва поезд тўқнашуви оқибатида ҳалок бўлганлар сони 21 кишига етди. Бу ҳақда фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор штабдаги манбага асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда (бошқа манбаларда қурбонлар сони 19 киши деб кўрсатилмоқда).

Фото: «Лайф»

«Дастлабки маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, улардан 3 нафари болалардир», — деди манба. Қайд этишларича, автобусда ҳайдовчи билан биргаликда жами 58 киши бўлган.

«РИА Новости»нинг Владимир вилояти губернатори матбуот котиби Рита Шляховага асосланиб хабар беришича, қурбонларнинг камида 15 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

«Давлат рақам белгилари Қозоғистонники бўлган, ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус Ореховскийдаги тирбандликни айланиб ўтиш вақтида темирйўл кесишмаси устида ўчиб қолган. Йўловчилар ухлаб ётган бўлган, ҳайдовчи бақириб ҳаммани уйғотган, 34 киши автобусдан тушиб, уни юрғазишга уринган. Улар омон қолган, автобусда қолганларнинг бари ҳалок бўлган. Автобус парчаланиб кетган», — дейди Шляхова.