Россиянинг Владимир вилоятида 6 октябрь куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ўзбекистонлик 16 киши ҳалок бўлган, 36 киши енгил тан жароҳати олган, 3 киши шифохонага ётқизилган эди. 8 октябрга ўтар кечаси Ўзбекистоннинг махсус самолёти аварияга учраган 36 фуқаро ва 15 жасад билан Ўзбекистонга қайтди.

Фото: «Ўзбекистон 24» (архив)

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон ва Россия соғлиқни сақлаш вазирликларининг ўзаро келишилган қарорига кўра, Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси — оғир аҳволдаги вояга етган икки киши ва беш яшар қизалоқ — соғайтириш учун Владимир вилоятининг клиник шифохонасида қолдирилди.

«Уларни даволаш учун юқори малакали мутахассислар жалб этилади», — дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати ахборотида.

Маълумот учун, аҳволи оғир деб баҳоланган 2012 йилда туғилган Гулруҳ Зиёдуллаева, 1976 йилда туғилган Тўлқин Тожиев ҳамда 1974 йилда туғилган Миржон Латипов айни вақтда Россияда даволанмоқда.

Қайд этиш жоиз, бир муддат аввал қурбон бўлган 16 нафар ўзбекистонликдан бири Миржон Латиповнинг 1997 йилда туғилган ўғли — Миршод Мирзоев экани маълум бўлган эди.

Шунингдек, қурбонлар орасида фамилияси оғир аҳволдаги Гулруҳ Зиёдуллаеваники билан бир хил, отасининг исми Гулруҳники каби Машраб бўлган, 2011 йил 24 июнь туғилган Гулсанам исмли қиз ҳам бор. У Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидан бўлган.

Бундан ташқари, ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар болалар орасида 2015 йил 18 май куни Россияда туғилган, Сурхондарё вилояти Музработ туманида доимий рўйхатда турган Давлатбек Тангриқулов Машрабович ҳам бор.