Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий-транспорт самолёти Россиянинг Владимир вилоятидаги йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларига айланган фуқароларни, шунингдек, унда ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келди, деб ёзади «Газета.uz» «Ўзбекистон 24»га таяниб.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Москва вилояти Жуковский шаҳридаги Раменское аэродромидан учган Ил-76 бортида авариянинг 36 иштирокчиси ва уларнинг 5 нафар қариндошлари бор эди. Шунингдек, 15 нафар фуқаронинг жасади ҳам Сурхондарёга олиб келиниб, 22 нафар сурхондарёлик Термизда қолди, самолёт эса Тошкентга йўл олди.

Уч нафар жабрланувчи, шу жумладан, беш ёшли қизча Владимир вилоятидаги касалхонада қолмоқда. Улар саломатлиги яхшилангач, ватанига қайтарилади.

6 октябрь куни тахминан 4:00 да Владимир вилоятидаги Покров станцияси яқинида темир йўлни кесиб ўтиш жойида тўхтаб қолган 58 йўловчили автобусга поезд келиб урилган. 17 киши ҳалок бўлган эди.