Россиянинг Владимир вилоятида 6 октябрь куни юз берган автобус ва поезд тўқнашуви оқибатида ҳалок бўлган 15 ўзбекистонлик ва 36 нафар жароҳатланган фуқаролар 8 октябрь куни тонгда Ўзбекистонга олиб келинди.
Мавзуга доир: Россиядаги ЙТҲда жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, 8 октябрга ўтар кечаси 36 фуқаро ва 15 жасад бўлган махсус самолёт Жуковский аэропортидан учиб, Термиз шаҳрига етиб келган.
«8 октябрь тонгда ҳалок бўлганлар жасадлари ва жароҳатланганлар Термиз, Андижон ва Бухоро шаҳарларига етказилди», — дейилади ТИВ ахборотида.
Маълумот учун, ҳозирги қадар Владимирдаги ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган 16 ўзбекистонликдан 15 нафарининг шахси аниқланган. Улар 2011 йилда ва 2015 йилда туғилган икки сурхондарёлик бола ҳам бор.
Мавзуга доир: ТИВ Россиядаги ЙТҲда ҳалок бўлган ва жабрланган ўзбекистонликларнинг исмларини эълон қилди
Қурбонларнинг 13 нафари сурхондарёлик, бир нафари Андижондан, яна бири Бухородан эди. Хабар беришларича, Россиянинг тегишли органлари ҳозирда 16-қурбоннинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, аҳволи оғирлиги сабабли уч нафар Ўзбекистон фуқароси Владимирдаги клиник шифохонасида даволанишни давом эттирмоқда. ТИВ ахборотида алоҳида қайд этилишича, уларни даволаш учун юқори малакали мутахассислар жалб этилади.