Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжер фойдаланувчи маълумотларини федерал хавфсизлик хизматига тақдим этишни рад этгани учун унинг компаниясини 800 минг рубль жаримага тортган Москва суди қарорига изоҳ берди, деб ёзади «MK.ru».

Фото: «MK.ru»

Дуровнинг сўзларига қараганда, буни амалга оширишга Telegram’нинг техник имкони бўлмаган, бундан ташқари, ФХХ талаби Россия конституциясининг 23-моддасига зид. Унга кўра, ҳар бир киши ёзишмалар, телефон мулоқотлари, почта, телеграф ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқига эга.

Шу муносабат билан тадбиркор иш Россиянинг асосий қонуни билан таниш судья томонидан кўриб чиқилгунга қадар ФХХ даъвоси юзасидан шикоят берилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Telegram «якуний шифрлаш» технологиясига асосланган, шу тариқа фойдаланувчилар ёзишмалари уларнинг шахсий қурилмаларида шифрланади. Шунинг учун шифрлаш калитларини ФХХга тақдим этиш имконсиз.