WhatsApp мессенжерида 27 октябрь куни хабарларни ёзишманинг барча иштирокчиларидан ўчириб ташлаш имкони пайдо бўлди, дея хабар бермоқда Meduza.

Фото: Engadget

Хабарни у юборилганидан кейинги етти дақиқа ичида ўчириб ташлаш мумкин — шунда хабар ўрнида «Бу хабар ўчирилган» ёзуви чиқади.

Ушбу янги функция ҳам шахсий ёзишмаларда, ҳам гуруҳ чатларида ишлайди. Бунинг учун мобил дастурнинг энг сўнгги версиясини юклаб олиш керак.

Бунгача WhatsApp фойдаланувчиси хабарни фақат ўз экранида ўчира оларди, холос — унинг суҳбатдошларига бу хабар барибир кўриниб турарди.

WhatsApp — жаҳондаги энг оммабоп мессенжерлардан биридир. Компания маълумотларига кўра, ундан бир миллиарддан зиёд инсон фойдаланади. Мессенжер 2014 йилдан бери Facebook’га тегишли.