Бутун дунёдаги одамлар Wikipedia онлайн-энциклопедиясига жойлаштирилган мақолаларни ўқиш учун ҳар ойда 1,2 миллиард интернетга уланган қурилмадан фойдаланади. Бу ҳақда Нью-Йоркда ўз ишини якунлаган Synergy Global форумида мазкур тармоқ қомуси асосчиси Жимми Уэйлс маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».

Жимми Уэйлс.

Фото: EPA

«Бу тахминий кўрсаткичлар, бироқ 1,2 миллиард қурилма — катта рақам, биз етарлича оммалашганмиз. Айниқса, мазкур рақамларда Африка давлатлари ёки Хитойда истиқомат қиладиган ўқувчилар тўлиқ ҳисобга олинмаган бўлиши мумкинлиги назарда тутилса», — таъкидлади Уэйлс.

Wikipedia асосчисига кўра, энциклопедияга 40 миллиондан ортиқ мақола жойлаштирилган, улардан 5 миллионга яқини инглиз тилида. Умуман олганда эса, Wikipedia материаллари билан 284 тилда танишиш мумкин.