Facebook, Twitter ва Google компаниялари раҳбарларини Россиянинг АҚШдаги 2016 йилги сайловларга аралашувини текшириш доирасида гувоҳлар сифатида АҚШ Сенатига чақиришди, деб ёзади Forum Daily.

Фото: Depositphotos

Топ-менежерлар 31 октябрь куни АҚШ Сенатининг суд бўйича қуйи қўмитаси қаршисида гувоҳлик беради.

Гувоҳлар сифатида Facebook вице-президенти ва бош ҳуқуқий маслаҳатчиси Колин Стретч, Twitter бош ҳуқуқий маслаҳатчиси Шон Эжетт ва Google ҳуқуқ-тартибот ва ахборот хавфсизлиги директори Рикард Салгадо қатнашади.

1 ноябрь куни эса Стретч, Эжетт ва Google бош маслаҳатчиси Кент Уолкер Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси аъзолари ва Сенат қаршисида «АҚШдаги 2016 йилги сайловларга ижтимоий матбуотнинг таъсири» номли очиқ эшитувлар доирасида омма олдида кўрсатмалар беради.

Қонун чиқарувчилар ушбу эшитувлар чоғида Facebook, Google ва Twitter вакилларидан Россия томонидан молиялаштирилган турли реклама кампаниялари ҳақида сўраши тахмин қилинмоқда.