Republic нашри Федерал хавфсизлик хизматининг Telegram’га қарши даъвоси Петербург метросидаги теракт суриштируви билан боғлиқ эканлигини аниқлади, деб ёзади TJournal.

Фото: «Газета.ru»

ФХХ ўз талабномасида 2017 йилнинг 3 апрелидаги портлашни ташкил этишда гумонланаётганлар билан боғлиқ хабарлар дешифровкаси учун маълумот тақдим этишни талаб қилган, бироқ мессенжер бундан бош тортган.

Republic гап, ФХХ фикрича, террорчилик фаолиятига алоқадор гумонланувчилар фойдаланган олтита рақам ҳақида бораётганлигини аниқлади. Махсус хизматлар телефонлар эгаларининг номларини ошкор этмаган.

Нашрнинг маълум қилишича, иккита рақам Петербург метросидаги терактни ташкил этишда гумонланаётган ака-ука Аброр ва Акрам Азимовларга қарашли. Ҳар иккала телефонни Аброр Азимов фойдаланганлиги таъкидланмоқда — улар теракт ташкилотчиси, ИШИД тарафдори билан алоқа ўрнатиш учун керак бўлган. Азимов ҳар иккала рақамдан ўзи фойдалангани ва WhatsApp’да ёзишганлигини маълум қилган.

ФХХ рўйхатидаги яна икки абонент озодликда ва Telegram’дан мунтазам фойдаланади. Қолган икки телефон Telegram’да рўйхатдан ўтмаган: битта рақам WhatsApp’га боғланган, у охирги марта 19 апрель куни фаол бўлган, иккинчи рақам Доғистонда харид қилинган ва ҳозирда хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида.

ФХХнинг Telegram’га талабномаси 2017 йилнинг 12 июлида юборилган. Маълумотлар умумий почтага 19 июлгача юборилиши керак бўлган, бироқ мессенжер жавоб бермаган. 16 октябрь куни суд Telegram’ни 800 минг рубль миқдордаги жаримага тортган. Ҳуқуқшунослар бу қарор устидан шикоят берган.

Telegram ФХХ дешифровка калитини техник сабаблар туфайли тақдим эта олмайди. Мессенжернинг «махфий чатларида» шифрлашнинг end-to-end тамойили ишлайди — хабарларни шифрлаш ва уларни очиш учун зарур калитлар администратор серверида эмас, фақат ёзишма иштирокчиларида сақланади. Republic’нинг ФХХга яқин манбаси ФХХ Павел Дуровни ҳамкорликка ундашни истаётганлигини тахмин қилди.