Самарқанд вилоятида 30 777 ААА давлат рақам белгиси 301 654 338 сўмга сотилди. Бу аукцион тарихидаги энг катта суммадир, деб ёзади UzNews нашри.

Фото: UzNews

Ушбу давлат рақам белгиси учун кимошди савдоси 18 октябрь куни, 14 977 500 сўм бошланғич нарх билан бошланган эди.

UzNews’нинг ўз манбаларига асосланиб хабар беришича, рақам учун кимошди савдоси 1 ноябрь куни маҳаллий вақт билан 18:35 да тугаган.

301,6 миллион сўмлик (Марказий банкнинг 1 ноябрь куни курси бўйича — 37 340 долларлик) рақам Самарқанд шаҳридаги юридик шахсга сотилган.

Хабар беришларича, кимошди савдосида ғолиб чиққан юридик шахс энди уч иш куни ичида кўрсатилган суммани тўлаб, рақамни олиб кетиши мумкин.

Таққослаш учун, 301 миллион сўмга GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилаётган Matiz автомобилидан 7 дона, ёки Spark автомобилидан 5 дона, ёки Lacetti автомобилидан 3 дона сотиб олиш мумкин эди. GM Uzbekistan’нинг энг қиммат модели — янги Chevrolet Malibu’нинг нархи 231,4 миллион сўм.