Афғонистонда телекоммуникация соҳаси учун масъул ҳисобланган назорат қилувчи орган жорий ҳафта маҳаллий интернет-провайдерларга WhatsApp ва Telegram мессенжерларини блок қилиш ҳақида ёзма кўрсатма берган. Мазкур кўрсатма бажарилганми ёки йўқ — ҳозирча номаълум, деб ёзади Reuters агентлиги.

Фото: Tech Mag

Баъзи ОАВларнинг ёзишича, мессенжерларни блок қилиш ҳақидаги кўрсатма Афғонистон Миллий хавфсизлик масалалари бўйича бошқармасидан тушган бўлиши мумкин. Қайд этишларича, бошқарма шу йўл билан «Толибон» жангарилари ва бошқа исёнчи гуруҳларларнинг бу мессенжерлардан фойдаланишининг олдини олиш ниятида.

Аввалроқ Эрон нашрлари маҳаллий прокуратура Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровга нисбатан жиноий иш очгани ҳақида хабар берган эди. Бунга, Эрон расмийларининг фикрича, мессенжердан ИШИД террорчилик ташкилоти жангарилари, болалар порнографияси тарқатувчилари, одам ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар фаол фойдаланаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.