Россиялик таниқли телебошловчи Борис Ноткин Москва вилоятидаги уйида ўлик ҳолда топилди. У 75 ёшда эди, деб хабар беради Meduza.

Фото: «ТВ-Центр»

Аввалига ОАВ журналистнинг ўлими ҳақида турли манбаларга таяниб маълум қилди. Кейинчалик буни у кўп йиллар ишлаган «ТВ-Центр» телеканали тасдиқлади ва Ноткин охирги пайтларда оғир касалликка чалинганини билдирди.

«Интерфакс» агентлигига кўра, телебошловчи ўз жонига қасд қилган. Унга саратон ташхиси қўйилганди.

Mash Telegram-канали журналистнинг жасади ёнидан қурол ва мактуб топилгани ҳақида хабар берди.

Борис Ноткин ўтган асрнинг 80-йиллари охиридан телевидениеда фаолият кўрсатиб келган. 1997 йилдан 2015 йилгача «ТВ-Центр»да «Борис Ноткин таклиф этади» номли дастур муаллифи ва бошловчиси бўлганди.