Ҳар душанба ёки ҳар 1 январдан янги ҳаёт бошлаш жонга тегди. Self-help (ўз-ўзини ривожлантириш) соҳасида 150-200 дан ортиқ китоб, сон-саноқсиз блогпост ва мақолалар ўқиганимдан сўнг кишининг ўз устида ишлаши бемаъниликдан бошқа нарса эмаслигига охири амин бўлдим, дейилади Сардор Салимнинг «Azon.uz» ахборот-таҳлилий порталида эълон қилинган мақоласида.

Фото: Shutterstock

«Саккизоёққа ўхшаб пайпаслагичларимизни ҳар томонга узатавермасдан, ҳаётдан тобора кўпроқ нарсаларни талаб қилавермасдан, аксинча, ҳаётимизни соддалаштиришимиз, уни иккинчи даражали нарсалардан тозалашимиз керакми, дейман. Қўшиш эмас, айиришни ўрганиш керак экан. Ҳаётда бир неча таянч ибодатлардан бошқа барчаси сафсата ва ёлғон.

‘Қизларни қандай ўраш’ ҳақидаги китобларни ўқиш ўрнига (муносиб турмуш ўртоқ топиш каби яхши ниятда) муносиб мўмин бўлишга ҳаракат қилиш зарур. Чунки мўминда содиқлик каби аёлларга ёқадиган хислатлар бўлади.

‘Вақтни тўғри тақсимлаш’ ҳақида китоблар ўқиш ўрнига, ҳаётни ибодат атрофида қуриш керак. Шунда режалаштирган ишларингиз ўз-ўзидан, ортиқча қийинчиликсиз амалга ошади.

‘Қандай қилиб у ёки бу салбий одат ва хислатлардан қутулиш, мотивация (бирон ишга руҳланиш), ишчанлик, содиқлик каби ижобий одат ва фазилатларга эга бўлиш мумкин?’ деган китобларни ўқиш ўрнига, том маънода мусулмондек яшашга ҳаракат қилиш лозим.

Бизда машҳур Дейл Карнеги, Ог Мандино каби муаллифларнинг китоблари ҳақиқий мусулмонга керак эмас. Тошкентга келиб, содда одамларнинг пулини шилиб кетган Радислав Гандапас каби ҳар хил маркетинг ‘гуру’ларининг руҳлантирувчи семинарлари ҳам ортиқча.

‘Мууту қобла ан тамувту – Ўлимингиздан олдин ўлингиз’ ҳақиқати ёдда турса, инсон ўзи учун бесамар, кераксиз, муҳим бўлмаган, ортиқча хатти-ҳаракатлардан ва албатта харажатлардан қутулар экан. ‘Кўнгил тусагани’нинг ўрнига ‘Аллоҳнинг истаганини’ қўйса, киши ноўрин амбициялардан, орзу-ҳавасдан (ва демак, фрустрация – ҳафсала пир бўлишидан) холи бўлар экан. Таваккал қилишни ўрганса, пешанасида бўлмаганининг кетидан бесамар югуришдан озод бўлади. Ва ҳоказо ва ҳоказо.

Айтмоқчи бўлганим, ўз-устида ишлашни жиҳод билан алмаштириш керак. (Жиҳод – тирик бомба бўлиш эмас. Бу иборага асл маъносини қайтариш вақти келди.)

Бу гаплар ‘атиисларга’ ҳам тааллуқли. Фақат атеист, агностик ва бошқа безорилар ўз ҳаётини Аллоҳга эмас, ўзидан каттароқ бирор ғояга бўйсундириши, шу ғояга бутун жони билан хизмат қилиши керак.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳаётни муносиб яшаб ўтказиш учун кўп нарса керак эмас. Мусулмон мусулмонча эътиқод қилиб, яшаб, ўтириб турса ва бир қанча таянч кўникмаларга амал қилса (тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш, ўзига берилган томорқани иложи борича профессионал тарзда парваришлаши каби), шунинг ўзи кифоя.

‘How to speak’, ‘How to memorize things’ каби ўта хос мавзулардаги китоблардан ташқари, self-help (ўз-ўзини ривожлантириш) жанридаги китобларнинг 99 фоизи кераксиз чиқитдир», — дейилади мақолада.