20 ноябрь, душанба тонгидан Ўзбекистондаги бир қатор давлат тузилмалари сайтлари, тахминларга кўра, ҳуқуқбузарларнинг ҳужуми оқибатида ишламай қолди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

Фото: «Газета.uz»

Ушбу хабар тайёрланаётган вақтда Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат тест маркази ва бошқа идораларнинг сайтлари ишламаётган эди.

Google’да мазкур муассасаларнинг сайтлари манзили қидирувга берилганда «Hacked By Skidie KhaN : : : TeaM Cyber CommandOs» ёзуви чиқиб келмоқда, бу сайтларнинг бош саҳифалари дефейс қилингани (бош саҳифалари ўзгартириб қўйилгани)ни билдиради.

Айни вақтда, Ўзбекистоннинг аксарият давлат сайтлари, хусусан, Ҳукумат портали одатдаги тартибда ишлашда давом этмоқда.

Сайтлар жойлашган UZINFOCOM дата-марказидан маълум қилишларича, уларнинг фаолияти яқин вақт ичида қайта тикланади.