Дўконлар пештахталаридаги бриллиантларни бир-биридан фарқлаш имконсиздек. Бир хил кўринишдаги тошларнинг нархлари бир неча карра фарқ қилиши мумкин. Улар бир-биридан қандай фарқланади ва нархлар қаердан олинади? Meduza Brillant24 заргарлик супермаркети билан бошловчилар учун бриллиантлар бўйича қисқа гид тузди.

Фото: Meduza

Бриллиантлар — нима?

Бриллиант — бу қирраланган олмос, углероднинг бир шакли, чуқур ер қатламидан лава оқимлари билан чиқарилган қаттиқ ва ноёб минерал. Унинг кимёвий энг яқин қариндошлари — графит ва кўмир. Олмос юқори босим ва ҳарорат ҳисобига ўзига хос гўзаллик, шаффофлик ва ёғдуга эга бўлади. Минерал кенг тарқалганлигига қарамасдан, бриллиантлар учун қирралашга яроқли олмослар табиатда кам учрайди.

Мазкур тошни саноат мақсадида қазиб олиш кимберлит қувурлар ишланмаси билан бошланди. Дастлаб бундай қувур Африка жанубидан Кимберли провинциясида топилган — термин ҳам шу номдан олинган.

Олинган олмосларнинг аксарияти техник сифатга эга. Улар турли қурилмалар — бурги, парма ва арраларда қўлланилади. Заргарлик сифатига эга тошлар бир нечта йирик корпорация назорати остида дунёга тарқалади. Бу ёпиқ бозор, тошлар қиймати барқарор, шунинг учун олмос биржалари аксарият савдогарлари уларни валютанинг энг ишончли эквиваленти деб ҳисоблайди — айниқса уларнинг ихчамлиги қадрланади.

Фото: Meduza

Бриллиантлар қандай қилиб бундай талабгир бўлди?

Олмос ўзининг чидамлилиги билан эмас, айнан қаттиқлиги билан машҳур: олмосни фақат олмос билан тирнаш мумкин, шунга қарамасдан, уни ёқиш ёки парчалаш мумкин. Шунинг учун тошга узоқ вақт мобайнида ишлов бериша олмаган. Олмосларни қирралаш технологияси фақат XV асрга келиб, ҳинд заргарлари томонидан ихтиро қилинган.

Беш аср мобайнида бриллиантлар тақинчоқ учун энг қимматбаҳо ва ардоқли тошга айланди. XIX асрдан эса унаштириш ва никоҳ узуклари учун энг оммабоп тош ҳисобланади.

Олмос заргар қўлига етиб келгунга қадар бир неча марта соҳибини ўзгартиради. Биринчи шартномалар биржада брокерлар ўртасида бўлиб ўтади, кейин эса тошлар дилерлар ва заргарлар қўлига тушади.

Фото: Meduza

Бриллиантлар бир-биридан қандай фарқланади?

Бриллиантлар чиройи ва сифати тўртта омил: ранг, софлиги, қирраланиши ва каратига қараб таснифланади.

Ранг

Рангсизлиги учун қадрланадиган бриллиантлар бор, улар бозорда кўп учрайди. Бироқ олмослар камалакнинг ҳамма рангида бўлади. Кимёвий таркибидаги микро хилма-хиллик, радиация ва пластик ўзгаришларнинг таъсири туфайли тошлар турли рангларга киради. Сариқ ва мовий ранг кимёвий табиат (азот ва бор), яшил ранг радиациявий табиатга эга. Пушти ва қизил ранглар минералнинг кимберлит қувур бўйлаб юқорига саёҳати давомидаги пластик ўзгариш туфайли пайдо бўлади.

Рангли бриллиантлардан энг кўп учрайдигани — сариқ. Ундан кейин пушти, яшил ва мовий тошлар келади. Қизил — жуда ноёб, гугурт бошчасига тенг ўлчамдаги тош карати миллион доллар атрофида. Қора бриллиантлар эса — маркетинг ҳийласи. Бундай рангдаги юқори сифатли тош мавжуд эмас.

Гап бриллиантнинг турли ранглари ҳақида борганда, шаффоф тошда сарғиш туснинг мавжудлиги кўзда тутилади. Бу суратда мазкур рангнинг турлича тўйинган туслари тақдим этилган. Фото: Meduza

Софлиги

Бриллиантларда турли аралашма ва нуқсонлар бўлиши мумкин. Одатда уларни ўн карра катталаштирадиган лупа билан кўриш мумкин. Геммологлар турли нуқсоблар: нуқталар (pinpoint), майда нуқтали булут (cloud), патлар (feather) ва бўш юзалар (cavity). Оч рангдаги ва ҳажмга эга бўлмаган аралашмалар энг кам кўзга ташланади, энг сезиларли нуқсонлар — бўшлиқлар.

Бриллиантлар аралашма қаерда жойлашганлигига қараб, турлича баҳоланиши мумкин. Нуқталар орқа томон ёки чекка қизмларида жойлашган бўлса, у нуқсони марказда жойлашганга қараганда қимматроқ бўлади.

Қирраланиши

Олмослар қирралашга тушишидан аввал тошлар таҳлил қилинади ва компьютер тизими ёрдамида белгилар қўйилади. Мутахассислар чиқитларни минималлаштириш ва хом ашё софлигини ҳисобга олиб, қирралаш шаклини танлайди. Энг оммабопи — айлана шакл, тошларнинг 90 фоизи шу шаклга келтирилади. Бироқ «маркиз», «оваль», «нок», «малика» (квадрат), «зумрад», «юрак» ва бошwс шакллар ҳам бўлади. Қирралаш шакли бриллиант чиройига таъсир кўрсатмайди, бироқ нархида акс этади. Масалан, айлана қиррали тош бошқа шаклдаги шу каби тошлардан 15—20 фоиз қиммат туради.

Қирралаш сифатини ҳам ҳисобга олиш муҳим — пропорциялар тўғрилиги (Cut), симметрияси (Symmetry) ва сайқал бериш (Polish); буларнинг барчаси тошдаги ёруғлик ўйинига таъсир кўрсатади.

Фото: Meduza

Карати

Энг таниқли тасниф — карат, яъни тошнинг вазни. Каратига қараб тошнинг ўлчамини олдиндан айтиш мумкин. Бриллиант қанчалик катта бўлса, у шунча қиммат бўлади. Карат — 0,2 грамм. Вазни 1 карат бўлган классик айлана бриллиант 6,4 миллиметр диаметрга эга бўлади.

Дунёдаги энг кичкина бриллиант 0,0003 карат, энг каттаси эса 530,2 каратга тенг.

Фото: Meduza

Нарх қандай шаклланади?

Олмослар ва бриллиантлар бозори — сунъий. Тошнинг тахминий қийматини Раппопорт прейскуранти белгилайди, у ўртача бозор қийматини акс эттиради.

Бриллиантни нарх ва сифат нисбати бўйича қандай танлаш керак?

Бир қаторда турган турли рангдаги бир нечта тош ўртасидаги фарқни фақат мутахассис пайқай олади. Нозик фарқларнинг аксариятини фақат лупа ёрдамида кўриш мумкин. Шунинг учун дастлаб ўлчам ва рангни аниқлаб олиш, шундан сўнг софлиги билан тажриба қилиш муҳим. Масалан, ўлчами ва софлигига ишониб, ранглар шкаласи охиридан ёрқин сариқ тошни танлаб, тежамкорлик қилишингиз мумкин — шунда у ярқираб турган шампан виноси томчисига ўхшаш бўлади.

Қайси бриллиантлар урфда?

Бриллиантлар билан боғлиқ вазиятда биринчи навбатда нима урфда эканлигига эмас, шахсий дидга таяниш керак. Оригинал тақинчоқни афзал кўрувчилар эса ёрқин сариқ рангдаги «юрак» қиррали кичикроқ бриллиантни танлаш мумкин. Бундай тош қизиқарли ва қиммат кўринади. Йирик рангсиз тошни истасангиз — тортинманг: бриллиант қанчалик катта бўлса, унинг кўрки шунча кўпроқ кўзга ташланади.

Фото: Meduza