АҚШнинг Теннесси штатида яшовчи Уильям Селлерс 2012 йилда саратон хасталигидан вафот этди, аммо ўлимидан аввал қизи учун ҳар йиллик туғилган кун совғасини уюштириб кетишга улгурди, деб ёзади Forum Daily.

Фото: Twitter / @sellersbailey

Бу йил қиз 21 ёшга тўлди ва марҳум отаси томонидан буюртма қилинган сўнгги гулдастани олди. Илк марта отаси у 16 ёшга тўлган куни гул юборган эди, ўшанда эркак ҳали тирик эди. Шундан кейин гулдасталар Селлерснинг ўлимидан сўнг ҳам кела бошлади.

Бэйли Селлерс 21 ёшга тўлган куни сўнгги гулдастани олгани ҳақида Twitter’да ёзди ҳамда у билан бирга юборилган табрикнома суратини қўйди. Унда ота қизига у учун бошқа кўз ёши тўкмаслигини тайинлаб, доимо унинг ёнида бўлишини ёзган.

Фойдаланувчилар отанинг хатти-ҳаракатини юқори баҳолади, қиз отаси ҳаттоки ўлимидан кейин ҳам одамлар қалбида илиқлик ва хурсандчилик уйғотишда давом этганидан қувонч билдирди.