Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг молия-иқтисод комплекси собиқ раҳбарларини кескин танқид қилди. Президент бу ҳақда Фарғона вилоятида 22 июнь куни ўтказилган фаоллар йиғилишида айтиб ўтган; ушбу йиғилишдан видеопарча 27 ноябрь куни интернетда пайдо бўлди.

Ўзбекистон Президентнинг таъкидлашича, ҳукумат молия-иқтисод комплекси собиқ раҳбарларининг «оёғи ердан узилган эди», пастга тушиб, одамлар билан бирга ишлашга уларнинг «тоқати йўқ эди»; улар йўл қўйилган камчиликларни тузатишга интилмасди. «Фақат қоғоз бўлса, олийжаноб гаплар бўлса зўр эди», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент комплекснинг аввалги раҳбарлари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми йиллик 8 фоиз атрофида ўсаётгани ҳақида берган маълумотларига истеҳзо билан муносабат билдирган. «8 фоиз... Ўсиш 8 фоиз бўлган мамлакатда сил бўлмайди. Сил қандай касаллик? Овқат емаган одамнинг касали», — дейди Ўзбекистон давлат раҳбари.

Йиғилиш давомида Президент Риштон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосарига ҳудудни субвенсиядан чиқариш бўйича қандай чоралар кўриши ҳақида савол берган. Жавобдан қониқмагач, ҳоким ўринбосари этиб тайинлангунига қадар у қаерда ишлаганига қизиққан; риштонлик амалдор аввал молия бўлимига раҳбарлик қилганини айтган.

Молия бўлими бошлиғи бўлсанг, сен касалсан. Молиянинг аввалги раҳбарлари бари касал бўлган. Мен сени бугун ишдан оламан. Бундан қолган барча ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари ҳам хулоса чиқарсин.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси раҳбари Рустам Азимов истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига молия вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Жамшид Қўчқоров тайинланган эди.

Бундан аввалроқ, 2016 йил 14 декабрида Рустам Азимов Ўзбекистон молия вазири лавозимидан озод этилган эди. У бу вазирликни 2005 йилдан бери бошқариб келаётган эди. Ҳукуматдан кетган Азимов кейинчалик «Ўзбекинвест» компанияси раҳбари этиб тайинлангани хабар қилинди.