Telegram’нинг манфаатларини ҳимоя қилувчи «Агора» ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи, мессенжернинг Россияда блок қилиниши хавфи мавжудлиги сабаб, ёрдам сўраб БМТга мурожаат қилди. Гуруҳ ҳуқуқшуносларининг «Коммерсантъ»га маълум қилишича, улар БМТнинг сўз эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Дэвид Кайега мурожаат йўллаган.

Фото: «Газета.ru»

TJournal’нинг ёзишича, БМТга мурожаат йўллангани ҳақидаги хабарни «Агора» раҳбари Павел Чиков тасдиқлаган.

Ҳуқуқшунослар БМТдан Россия ҳукуматини «фуқароларнинг, хусусан, онлайн маконда фикр билдириш, махфийлик ва анонимлик ҳуқуқларига ўзбошимчалик аралашиш амалиётини кенгайтиришдан тийилиш»га чақиришни сўраган.

Гуруҳ адвокати Дамир Гайнутдиновнинг айтишича, Россиядаги амалдаги қонунчилик бўйича, мамлакат махсус хизматлари суд қарорисиз фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини қўлга киритиши мумкин.

12 декабрь куни Россия суди Telegram ҳуқуқшуносларининг апелляция шикоятини рад этган эди — шикоят компания ўз фойдаланувчиларининг ёзишмаларини Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ўқий олиши учун шифрлаш кодларини тақдим этишдан бош тортгани учун 800 минг рубль (тахминан 109 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилгани устидан берилган эди.

Қонунчиликка мувофиқ, агар Telegram суд талабини 15 кун ичида бажармаса, «Роскомнадзор» (Россия алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳаларини назорат қилиш бўйича федерал хизмати) мессенжерни блок қилишни бошлайди. Бунгача суд «Роскомнадзор»га апелляция қарорини йўллаши, сўнг бу идора қоидабузарликни бартараф этиш муддатлари ҳақида тақдимнома чиқариши лозим.

«Агора» суднинг бу қарори устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ҳам шикоят йўллашни режалаштирган.