«Дарё» интернет-нашрининг iOS операцион тизимида ишлайдиган қурилмалар — iPhone смартфонлари, iPad планшетлари ва iPod плеерлари учун мўлжалланган мобил дастури янгиланди. Дастурнинг янгиланган версиясини бу ердан кўчириб олиш мумкин.

Қандай ўзгаришлар бор?

Янги версиясидаги муҳим ўзгаришлардан бири — янгиликлар лентасининг уч (туркум)га бўлинганидир: энг биринчи «Асосий янгиликлар» лентасида Ўзбекистон ва жаҳонда юз бераётган энг муҳим, сараланган янгиликлар билан танишиш мумкин; «Энг кўп ўқилган хабарлар» туркумининг мазмуни номидан маълум; «Дарё»да эълон қилинаётган барча янгиликлар билан эса «Сўнгги янгиликлар» лентасида танишиш мумкин.

Айни вақтда, фойдаланувчида хабарлар лентасини ўзига мослаштириши ҳам мумкин: Созлашлар саҳифасида тегишли ўзгартиришларни киритиб, фақат у ёки бу рукн/рукнларга оид хабарларнинг лентада чиқишини белгилаб қўйиши, ўзи учун қизиқ бўлмаган рукнларнинг хабарларини лентага чиқмайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Янги қўшилган қулайликлардан, шунингдек, хабарларни «Танланган хабарлар рўйхати»га қўшиб қўйиш, хабарлар шрифтини мақбул даражада катталаштириш ёки кичиклаштириш, архивдаги хабарларни «Қидирув» функцияси орқали излаш имкониятларини қайд этиб ўтиш мумкин.

Android’да-чи?

«Дарё»нинг Android-қурилмалар учун мўлжалланган мобил дастурида ҳам худди шундай ўзгаришлар, янгиланишлар юз берган. Мобил дастурнинг бу версияси ҳозирги вақтда сўнгги кўрикдан ўтмоқда. Бу синов-тест жараёнида «Дарё» муштарийлари ҳам қатнашиши мумкин. Бунинг учун ушбу ҳавола орқали ўтиб, «Дарё»нинг Android операцион тизимида ишлайдиган мобил қурилмалар учун мўлжалланган дастури бета-версиясини кўчириб олиш керак.

Бета-версияда аниқланган носозлик, ноаниқлик ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни, шунингдек, iOS-қурилмалар учун мўлжалланган версия бўйича фикрларни support@simple.uz электрон почта манзилига йўллашингиз мумкин.

«Дарё» билан янгиликлар оқимида бўлинг!