Facebook тадқиқотчилари ижтимоий тармоқда янгиликларни пассив кузатиб бориш одамга зарар келтириши мумкинлигини тан олди. Бу ҳақда, компаниянинг блогига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Facebook тадқиқотчилари Дэвид Гинзберг ва Мойра Буркенинг «Мураккаб савол: Ижтимоий тармоқда ўтказилган вақт бизга зарар келтириши мумкинми?» номли мақоласида келтирилишича, янгиликлар лентасини пассив варақлаш одамнинг руҳий саломатлигига зарар келтириши мумкин.

«Умуман олганда, кўп вақтини пассив маълумотларни олишга сарфлаган вақтда одамлар ўзини ёмон ҳис қилади», — дейилади мақолада.

Мичиган университети талабалари ўртасида ўтказилган тажриба бунга далил ўлароқ келтирилган. Таржиба иштирокчиларининг бир қисмидан ўн дақиқа давомида янгиликлар лентасини ўқиш, қолганларидан эса ижтимоий тармоққа хабвар (пост) жойлаштириш ва дўстлари билан ёзишиш сўралган. Биринчи гуруҳдаги талабаларнинг кайфияти кун охирига бориб иккинчи гуруҳдагиларникидан тушкунроқ бўлиб чиққан.

Шунингдек, «ўрта статистик фойдаланувчиларга нисбатан ҳаволалар орқали тўрт маротаба кўпроқ бошқа саҳифага ўтган ёки ўртачадан икки марта кўпроқ ‘лайк’ босган» одамларнинг руҳий ҳолати ёмонроқ бўлиши аниқланган.

Facebook тадқиқотчиларининг тахминича, «бошқа одамлар ҳақида онлайн маконда ўқиб бориш салбий ижтимоий таққослашларга сабаб бўлиши мумкин».

Шунга қарамай компания фойдаланувчиларни кўпроқ Facebook’да ўтиришга, масалан, эски дўстлар билан мулоқот қилишга, тор доирадаги танишлар билан суҳбатлашишга чақирмоқда.