Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатнома билан чиқиш қилди. Президентнинг мурожаати телевидение орқали жонли эфирда намойиш этилди.

Google қидирув тизимидаги сўровлар статистикаси ҳақида ахборот берувчи Google Trends сервиси маълумотларига кўра, Президент мурожаатномани тақдим этаётган вақтда, аниқроғи, Тошкент вақти билан соат 12:20 да кирилл ёзувидаги «Острогорский» фамилияси жаҳондаги энг оммабоп қидирув тизимининг Ўзбекистон сегментида кўп сўралган сўзлардан бирига айланди.

Скриншот: Google Trends

Хусусан, соат 12:20 да «Острогорский» фамилияси лотин ёзувидаги «йил номи» калит сўзи (7 балл) ҳамда Ўзбекистон сегментида йилнинг энг кўп қидирувга берилган сўровларидан бири — «Sevgi iztirobi» сериали номи (лотин ёзувида, 4 балл)га нисбатан 100 баллик кўрсаткични қайд этган. Айни вақтда, «Острогорский Узбекистан» калит сўзи 79 баллик кўрсаткичга эришган.

Google Trends’нинг кўрсаткичлари бўйича, «Острогорский» ва «Острогорский Узбекистан»дан ташқари, «Острогорский Ташкент», «Астрагорский» каби калит сўзлар ҳам 22 декабрь куни ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилар томонидан кўп марта қидирувга берилган.

Бунга сабаб — Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасини йўлларкан, молия-иқтисод соҳасида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликлар ҳақида гапира туриб, Молия вазирлигида ишлаган собиқ масъул шахсни айблаб, танқид қилганидир.

Президент амалдаги молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг жорий фаолиятидан норозилигини билдираркан, у тақдим этган ҳисоботларда Острогорский таъсири борлигини таъкидлаган («Острогорскийнинг ҳиди келяпти»).

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ўтган йил охирида ҳудудлар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигидаги «Острогорскийга ўхшаганлар» дастидан пулсиз қолганини таъкидлаган.

«Газета.uz»нинг аниқлик киритишича, Президент бунда Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси собиқ бошлиғи Элла Острогожскаяни назарда тутган.