Илон Маск, Чарльз Мангер, Уоррен Баффет ва бошқа кўплаб муваффақиятларга эришган инсонлар воқеликни бошқача қабул қилишади. Агар уларга ўхшашни хоҳласангиз, ўзингиз учун ментал моделлар тузишингиз ва ҳаётга тадбиқ этишингиз керак.

Фото: Shutterstock

Ментал модели нима ўзи? Лотинчада «менс» сўзи ақл, идрок, онг маъноларини билдиради. Демак, ментал моделини бошқача қилиб фикрлаш модели десак ҳам бўлади. Фикрлаш модели воқеликнинг маълум бир жиҳати ҳақидаги тасаввурлар йиғиндиси бўлиб, инсон онгида беихтиёр яратилади. Масалан, ҳар бир инсон атрофдаги олам, иқтисод, сиёсат, содир бўлаётган воқеалар, инсонлар ва бошқа нарсалар ҳақида ўзига хос тасаввурларга ва хулосаларга эга.

Инсоннинг фикрлаш модели қанчалик самарадор бўлса, унинг ҳаракатлари ҳам шунчалик самарали бўлади, воқеаларни тўғри таҳлил қилиши, олдиндан кўра билиши ва янги ғоялар яратиши осон бўлади. Акс ҳолда эса, инсон кўпинча хатоларга йўл қўяди. Оддий одамларда фикрлаш моделлари беихтиёр ҳосил бўлишини айтиб ўтдик. Ўзига хос фикрловчи инсонлар эса фикрлаш моделларини ўзлари яратадилар ва ҳаётга фаол тадбиқ этадилар. Бунинг устига, улар ҳаётнинг ҳар хил соҳаларига тегишли энг самарали моделларни йиғиб, амалда синаб кўрадилар.

Кўпчилик ҳаётий билимларни горизонтал текисликда соҳаларга ажратилган ҳолда тасаввур қилса, Илон Маск ва бошқалар шу билимларни вертикал ва чуқурлашувчи кўринишда тасаввур қилишади.

«Билимларни бир дарахт деб тасаввур қилиш керак. Аввало фундаментал билимлар, яъни «дарахт танаси» ва «шохлари» ҳақида етарли даражада тушунчага эга эканлигингизга ишонч ҳосил қилиб, кейин «барглар»ни ўргансангиз бўлади, акс ҳолда «барглар» тўкилиб кетади.»

                                                                                                                                                           Илон Маск

Фикрлаш моделларини ўрганиш сизга дастлаб тарқоқ ва бир-бирига боғлиқ бўлмагандек бўлиб туюлган ғояларни бирлаштиришга ёрдам беради.

Амалда қандай қўллаймиз?

Энг самарали ва ҳаммабоп моделлардан бири Парето қонуни ёки 20/80 принципидир. Бу принципга кўра, 20% ҳаракат 80% натижани келтириб чиқаради. Уни шахсий ҳаётда ва ишда қўллаш мумкин.

  • Ҳар куни эрталаб ўзингизга савол беринг: «Режалаштирган ишларимдан қайси бири бугун 80% натижа беради?»
  • Ўқиш учун китоб танлаётганингизда ўйланг: «Шунча китоблар ичида қайси бири менинг ҳаётимга ўзгартириш кирита олади?»
  • Ким билан вақт ўтказишни режалаштираётганингизда ўйланг: «Атрофимдаги инсонлардан қайсилари ҳаётимга бахт, маъно ва уйғунлик олиб келади?»

Ана шу қоидаларга доим риоя қилсангиз, сиз учун муҳим ва биринчи ўринда турувчи нарсаларни ажратиб олишга ўрганасиз.

Шуни эсда тутиш керакки, ўзига хос самарали фикрлаш услубига эга бўлиш учун тинмай ўрганиш ва билим олиш керак, янги фикрлаш моделларини тузиб, уларни бир-бирига боғлашга ҳаракат қилиш керак.

Манба: «Лайфхакер»