Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ёниб кетган автобус эгаси ҳақида маълумотлар чоп этилди. Аниқланишича, у йўловчи ташиш лицензиясига эга бўлмаган, деб хабар беради «РИА Новости».

Фото: Қозоғистон ФВВ

Автобус эгасининг исми — Мехтиев Ўрдухон Собирўғли. Унинг номида учта автобус бор. Айни пайтда у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қидирилмоқда.

Ёниб кетган автобус 1989 йили ишлаб чиқарилган бўлиб, 2016 йилда техник кўрикдан ўтказилиши лозим бўлган.

«Автобуслардан бири Чимкентда рўйхатдан ўтган. Мен бугун у ерга бордим, у уйда эмас экан. Иккинчиси — Оқтош қишлоғида, учинчиси Жибек Жўли қишлоғида рўйхатдан ўтган. У ерлардан ҳам тополмадик», — маълум қилди транспорт қўмитасининг Жанубий Қозоғистон вилояти бўйича транспорт назорати инспекцияси раҳбари ўринбосари Олег Петухов.