Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ёниб кетган ва, дастлабки маълумотлар бўйича, 52 ўзбекистонликнинг ўлимига сабаб бўлган ҳодиса юзасидан қисқа ахборот берди.

Фото: Instagram / @askar_aktileu

Ўзбекистон ФВВнинг Қозоғистон ИИВ Фавқулодда вазиятлар қўмитаси (ФВҚ)га асосланиб ахборот беришича, ёнғин оқибатида 52 киши ҳалок бўлган, 5 киши жабрланган.

«Автобус салонида жами 57 киши бўлган, дастлабки маълумотларга кўра, улардан 55 нафари Ўзбекистон ва 2 нафари Қозоғистон фуқароларидир», — дейилади вазирлик ахборотида.

Ўз навбатида, ФВВ ҳодиса юзасидан тезкор телефон рақамлари ишга туширилганини маълум қилди: ҳодиса юзасидан ахборот олиш учун Ўзбекистон ФВВнинг тезкор телефон рақамлари — (+998 71) 147-10-50 ва (+998 71) 212-67-00; Қозоғистон ИИВ ФВҚнинг тезкор телефон рақамлари — +7 7132 56-29-62 ва +7 7132 56-68-85.

Бахтсиз ҳодиса 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, маҳаллий вақт билан 10:30 атрофида, «Самара—Чимкент» йўлининг 1068-километрида юз берди. Бу Қозоғистон ёки Россия бўйлаб ҳаракатланаётган ва кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг ўлими билан тугаган автобуслар иштирокидаги сўнгги бир йилда кузатилган биринчи йўл-транспорт ҳодисаси эмас.

2017 йилнинг 22 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, «Самара—Чимкент» йўлининг 946-километрида салонида 50 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус ағдарилиб кетган эди. Оқибатда 9 ўзбекистонлик ҳалок бўлган, яна 17 нафари тан жароҳати олган.

2017 йилнинг 6 октябрь куни Россиянинг Владимир вилоятида салонида 55 нафар ўзбекистонлик бўлган автобусни темирйўл кесишмасида поезд уриб юборган эди. Ҳодиса оқибатида 16 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Ўзбекистон фуқаролари Россиядан қайтаётган эди.