Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ёниб кетган автобусдан омон қолган беш киши енгил даражада куйиш жароҳатини олган. Бу ҳақда вилоят губернатори ўринбосари Серик Туленбергенов маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».

Фото: ТенгриNews

18 январь куни тонгда Самара—Чимкент трассасининг Ақтўбе вилоятидан ўтган қисмидаги йўлда салонида 55 йўловчи ва икки ҳайдовчи бўлган автобус ёниб кетди. Қозоғистон расмийларининг маълумотларига кўра, 52 киши ҳалок бўлган, 5 киши омон қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчилар Ўзбекистон, ҳайдовчилар эса Қозоғистон фуқаролари бўлган.

«52 киши ҳалок бўлди, беш киши енгил даражада куйиш жароҳатини олди», — деди Туленбергенов.

Қозоғистон ИИВ Фавқулодда вазиятлар қўмитаси вакилининг сўзларига кўра, омон қолганлардан 3 нафари Ўзбекистон фуқароси, қолган икки нафари Қозоғистон фуқароси бўлган ҳайдовчилардир.