Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобуснинг ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлган 52 кишининг бари Ўзбекистон фуқароси бўлган. Бу ҳақда, Ақтўбе вилояти Фавқулодда вазиятлар бўйича департаменти маълумотларига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.

Фото: ТенгриNews

«РИА Новости»нинг Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига асосланиб қўшимча қилишича, автобус ҳайдовчилари қозоғистонлик бўлган. Автобусда бундан бошқа мамлакат фуқаролари бўлмаган.

Ҳодиса 18 январь куни маҳаллий вақт билан 10:30 атрофида, «Самара—Чимкент» йўлининг 1068-километрида юз берган. Ҳаракат давомида «Ikarus» автобусида ёнғин чиққан, бу вақтда автобус салонида 55 йўловчи ва икки ҳайдовчи бўлган.

Ёнғин оқибатида 52 киши ҳодиса жойининг ўзида ҳалок бўлган. «Ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор», — дейилади Қозоғистон расмийлари берган ахборотда, бироқ ўзбекистонликларнинг сонига аниқлик киритилмаган. Ҳозирги вақтда фуқароларнинг шахсини аниқлашга киришилган.

Ҳодиса муносабати билан Ақтўбе вилоятида тезкор штаб тузилган, психологик хизмат томонидан тезкор алоқа линияси йўлга қўйилган (телефон рақамлари: +7 7132 56-29-62, +7 7132 56-68-85). Ёнғин жойида полициячилар, қутқарувчилар, шифокорлар ва психологлар иш олиб бормоқда.

Бу Қозоғистон ёки Россия бўйлаб ҳаракатланаётган ва кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг ўлими билан тугаган автобуслар иштирокидаги сўнгги бир йилда кузатилган биринчи йўл-транспорт ҳодисаси эмас.

2017 йилнинг 22 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, «Самара-Чимкент» йўлининг 946-километрида салонида 50 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус ағдарилиб кетган эди. Оқибатда 9 ўзбекистонлик ҳалок бўлган, яна 17 нафари тан жароҳати олган.

2017 йилнинг 6 октябрь куни Россиянинг Владимир вилоятида салонида 55 нафар ўзбекистонлик бўлган автобусни темирйўл кесишмасида поезд уриб юборган эди. Ҳодиса оқибатида 16 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Бу ўзбекистонликлар ҳам Россиядан Ўзбекистонга қайтаётган эди.