Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 18 январь куни тонгда ёниб кетган ва 52 нафар ўзбекистонликнинг ўлимига сабаб бўлган автобус Жанубий Қозоғистон вилоятидан Россия томон ҳаракатланаётган бўлган. Бу ҳақда, Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси расмий вакили Руслан Иманқуловга асосланиб, «Интерфакс» агентлиги хабар бермоқда.

Кадр: Instagram

Дастлабки маълумотларга кўра, автобус салонида 57 киши — 55 нафар ўзбекистонлик йўловчи ва 2 нафар қозоғистонлик ҳайдовчи бўлган. Ёнғин оқибатда 52 йўловчи ҳодиса жойининг ўзида ҳалок бўлган, беш киши турли даражада тан жароҳати олган.

Ҳозирги вақтда ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. Бахтсиз ҳодиса юзасидан Ақтўбе вилоятида ташкил этилган тезкор штаби вакилларининг қайд этишича, Ўзбекистон билан доимий алоқада бўлиб турилибди. Бир муддат аввал ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам ахборот берган эди.

Қайд этиш жоиз, бу сўнгги бир йилда Қозоғистон ёки Россия бўйлаб ҳаракатланаётган ва кўп сонли Ўзбекистон фуқароларининг ўлими билан тугаган автобуслар иштирокидаги биринчи йўл-транспорт ҳодисаси эмас.

2017 йилнинг 22 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, «Самара-Чимкент» йўлининг 946-километрида салонида 50 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус ағдарилиб кетган эди. Оқибатда 9 ўзбекистонлик ҳалок бўлган, яна 17 нафари тан жароҳати олган.

2017 йилнинг 6 октябрь куни Россиянинг Владимир вилоятида салонида 55 нафар ўзбекистонлик бўлган автобусни темирйўл кесишмасида поезд уриб юборган эди. Ҳодиса оқибатида 16 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Ўзбекистон фуқаролари Россиядан қайтаётган эди.