Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиада ҳалок бўлган ўзбекистонликлар оилаларига ҳамдардлик билдирди, деб ёзади Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Муҳтарам жамоат! 

2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиадан Ўзбекистон мусулмонлари идораси катта қайғуда. Кўплаб юртдошларимиз ўлимига олиб келган ушбу воқеа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Маълум бўлишича, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи «Самара-Чимкент» автомобиль йўлининг Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 километр узоқликда Ikarus русумли автобус ҳаракатланаётган вақтда аланга олган ва йўловчи автобус ёниб кетган. Ушбу автобус Қозоғистон жанубидан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олган. Автобусда жами 57 киши бўлган, фақат 5 киши ундан чиқа олган, қолган 52 киши ҳалок бўлган.

Ушбу содир бўлган фожиа сабабларини ўрганиш учун муҳтарам Президентимиз топшириғига кўра, Бош вазир бошчилигида ташкил этилган Maxсус ҳукумат комиссияси айни вақтда Қозоғистонда бўлиб турибди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, уламолар ва имом-домлалар томонидан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириш, масжид-мадрасаларимизда хатми Қуръонлар ўқиб, руҳи покларига бахшида қилиш ва яқинларига тасалли бериш каби савобли ишлар бошланди.

Азизлар, машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тўлғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтганлар.

Шундай экан ушбу фожиада вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабр-у жамил тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши