Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрига махсус борт билан Тошкентдан 52 нафар ўзбекистонликнинг автобус ёнғинидаги ҳалокатини текшириш бўйича Фавқулодда вазиятлар вазири Равшан Жўраев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумат комиссияси етиб келди, деб ёзади «Интерфакс» Ўзбекистон элчиси Шуҳрат Кошабоевга таяниб. Улар жабрланган фуқаролар ва уларнинг қариндошларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда.

Фото: «ТАСС»

«Шу куниёқ Ақтўбе вилояти ҳокимлигида вилоятда автобус ёниб кетиши ҳолатини текширишни ташкил қилиш бўйича Қозоғистон ҳукумат комиссияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди», — деди элчи.

Унинг сўзларига кўра, автобус йўналиши, марҳумларнинг Россияга жўнашдан мақсади ва фавқулодда ҳолатнинг аниқ сабаблари текширилмоқда. «Марҳумларнинг жасадлари 19 январь охиригача Ақтўбеда суд-тиббий экспертизага етказилади», — деди дипломат.

«Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар орасида вояга етмаган болалар йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар орасида аёллар йўқ», — деди у.