Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобус ёниши оқибатида ҳалок бўлган 52 кишининг жасадлари суд-тиббий экспертизасини ўтказиш учун Ақтўбе шаҳрига етказилди. Бу ҳақда 19 январь, жума куни вилоят маъмурияти матбуот-хизмати маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».

Фото: «РИА Новости»

«Ҳозирги пайтда 52 нафар ҳалок бўлганлар барчасининг жасадлари автобусдан чиқариб олиниб, Ақтўбе шаҳрига етказилди. Қозоғистонлик экспертлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда туну кун суд-тиббий экспертизасини ўтказмоқда», — дейилади хабарда.

Бошқарма маълум қилишича, 18 январь, пайшанба куни кечқурун Ўзбекистондан фавқулодда вазиятлар бўйича вазир Рустам Жўраев бошчилигидаги делегация Ақтўбега етиб келди. Делегация таркибига соғлиқни сақлаш, ички ишлар ва дипломатия ходимлари ҳам кирди.

«Шу куннинг ўзидаёқ Қозоғистон ҳукумати бошқармалараро комиссияси аъзолари, Ақтўбе вилояти ҳокимлиги раҳбарияти Ўзбекистон делегацияси билан учрашди. Учрашув давомида бир қатор биргаликдаги ҳаракатлар муҳокама қилинди», — дея аниқлик киритади матбуот хизмати.