Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилган энг шов-шувли молиявий пирамида асосчиси — чинозлик Аҳмадбой (Аҳмаджон Турсунбоев)га нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида маълум қилинди.

Хабар беришларича, Аҳмадбой ва унинг беш нафар шеригига нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 243-моддалари бўйича жиноий иш очилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Лавҳада тергов жараёни, суд мажлислари қачон давом эттирилишига аниқлик киритилмади.

Маълумот учун, Аҳмадбой иши бўйича суд мажлислари у қўлга олинганидан бир йил ўтиб — 2017 йил августида бошланган эди. 4-сентабга қадар иш бўйича камида учта (9 август куни, 14 август куни, 24 август куни) суд эшитувлари бўлиб ўтган, судда жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланган эди. Суд мажлисларида Аҳмадбойнинг ўзи ҳам қатнашган.

Бу орада Аҳмадбой билан деярли бир вақтда қўлга олинган унинг шогирдларидан бири — Нуриддин Абулғозиевнинг суди якунига етиб, унга жазо тайинланишига ҳам улгурилди. Бироқ расмий хабарларда унга айнан қандай жазо қўлланилганига аниқлик киритилмади.