Тошкент шаҳридаги автокорхоналардан бирида ишлайдиган Р.К. устидан суд бўлиб ўтди. ЎзА унинг ҳикоясини келтирди.

Фото: KNews

Р.К. тунги вақтда Чилонзор туманидаги Бектўпи маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлар олдидан ўтиб кетаётган йигитга ҳужум қилиб, бўйнига пичоқ тираб қўрқитди ва қимматбаҳо телефонини тортиб олди. Сўнг воқеа жойидан яширинишга уринди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди Р.К.га нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Аммо 5 йил озодликдан маҳрум қилинган йигит ҳаётнинг, яқинларининг қадрини англади. Қилмишидан минг пушаймон бўлди. Ўртага маҳалла фаоллари аралашди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди шаҳар прокурори томонидан келтирилган протест, адвокат ва жамоат ҳимоячилари томонидан тақдим этилган шикоят бўйича жиноят ишини кассация тартибида кўриб чиқди.

Судда жабрланувчининг маҳкумга нисбатан даъвоси йўқлиги, келтирилган зарар тўлиқ қоплангани, айбдор қилмишидан астойдил пушаймон эканлиги, шунингдек, яшайдиган маҳалласи фаолларининг кафиллиги, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олган ҳолда, Р.К.га нисбатан ахлоқ тузатиш жазоси тайинланиб, у суд залида қамоқдан озод қилинди.

Р.К. ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари, маҳалла фаоллари ва суд иши масъул ходимлари олдида бундан кейин ҳалол меҳнат қилиб, тўғри яшашга сўз берди.