Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 январь куни Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида ўтган йиғилишдаги нутқининг янги аудиопарчаси ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқалди. «Kun.uz» тўрт ярим дақиқалик янги аудиодаги Президент сўзларини матн кўринишида эълон қилди.

Унда Шавкат Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизматининг аввалги раҳбарияти таркибида бўлган шахсларни, хизматнинг собиқ юқори мартабали вакилларини аёвсиз танқид қилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, Президент ўз нутқи давомида хизматнинг бир неча амалдорларини сотқинликда айблаган.

Аввалроқ интернетда ўша йиғилишдаги Президент нутқининг МХХ фаолиятига бағишланган биринчи қисми пайдо бўлган, унда Шавкат Мирзиёев МХХ раисининг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломовни «сотқин» деб атаган эди. Янги аудиода Ғуломовнинг «ватанга хиёнатчилиги учун бир умрга қамалгани» маълум қилинган.

Бугун Бойсун МХХ раҳбари майор Суннатулло Эшқувватовни ишдан олдирдим. Негаки, булар ўз ўрнини билмади, ўз ишини қилмади. Миллий хавфсизликдагилар Сурхондарёни ўлдирган. Икки-уч сотқин, давлат сотқинлари ишлаган. Ҳаммасидан хабарим бор. Ангор туманидаги бошлиқ Баҳром Абдумўминов, тергов бўлими бошлиғи капитан Бердимуҳаммедов ҳам ишдан олинди. Булар Сурхондарёни от ўйин қилиб ташлаган. Ҳамма тизимни эгаллаган, ҳамма ташкилотни эгаллаган. Яна бир-иккитаси Тошкентда юрибди, бориб ишдан оламан. Полковник Ҳайдаров ҳам сотқин. Униям, бошқалариниям ишдан олдим...

Энди ҳамманг (МХХнинг жойлардаги раҳбарлари) мажлисга келиб ўтирасан. Тумандаги мажлисгаям. Оёғинг ердан узилмасдан, мажлисда ўтирасан. Йўқса, менга бундай хизмат керакмас. Шу пайтгача порахўрлик қилиб, ҳаммаёқни шарманда қилиб келдинглар. Тушунарлими, йўқми?.. МХХнинг генералларини, учта раис ўринбосарларини ишдан олиб ташладим. Сурхондарёда ишлаб кетгани бор эди, Тошпўлатов ғирт ўғри эди...

Мен бу ерга халққа ҳалол хизмат қилиш учун келганман. Бу ноинсофларни биламан, ерга қараб юрибди. Ҳали ҳаммаси жой-жойига тушади. Шуни билинглар. Ҳоким, ҳокимиятдаги тўртлик менинг вакилим. Қўрқманглар. У замон тугади. Уларга отасидан қолган ваколат йўқ. Ҳеч киммас булар. Буларнинг қўлидан кабинетда ўтириб, ғўддайишдан бошқаси келмайди. Буларнинг ғўддайиши давлатга оғир тушди. МХХда яна битта ғўддайгани бор эди. Ватан хиёнатчиси бўлиб, ҳозир умрбод қамалди. Ғуломов деган ноинсоф. Унинг илдизлари бор ҳалиям. Тошкентда ўргандим, бугун келиб одамларини ишдан олдим. Энди ҳар биттасини ўзим ишга тайинлайман.

Бизга Миллий хавфсизлик хизмати керак. Адолатли ва ҳалол одамлар керак, бизга ҳокимни пойлайдиган, давлатнинг бошқа одамларини кузатадиганлар керак эмас. Бўлди, у замонлар тугади. Эплай олмаса, валломатини ҳам ишдан оламан. Шуни билинглар. Давлат давлатлигини қилади. Аввалги раҳбарлар уларга шундай ваколатлар берган бўлса, унақа раҳбарлар энди йўқ. Халқ менга ишондими, бу ишончни оқлайман.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Эслатиб ўтамиз, Президент ушбу нутқни 2018 йил 19 январь куни ўқилган. 31 январь куни Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўзгарди — ташкилотга 1995 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган Рустам Иноятов ўрнини шу вақтгача бош прокурор лавозимида ишлаб келган Ихтиёр Абдуллаев эгаллади. МХХдан кетган Рустам Иноятов Президент давлат маслаҳатчиси ва сенатор этиб тайинланди.