Сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқлар ва турли сайтларда Zo‘r TV хусусий каналида намойиш этилаётган туркларнинг «Севги изтироби» (Kara Sevda) сериали атрофидаги кўплаб муҳокамалар ортидан сериал намойиши тўхтатилди.

«Севги изтироби» сериалидан кадр.

Фото: Habertürk

Kara Sevda сериали Туркияда 2015 йилдан 2017 йил ёзигача намойиш этилган бўлиб, 2 мавсум ва 74 қисмдан иборат. Унинг ҳар бир қисми 120—150 дақиқадан иборат. Сериал ҳар бир эпизоди турли давлатларда жумладан, Ўзбекистонда ҳам бир неча қисмларга бўлиб узатилди. Сериал 2017 йилда «Йилнинг энг яхши теленовелласи» номинациясида «Эмми» мукофотини қўлга киритди. Дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида, хусусан, БАА, Ироқ, Афғонистон Ислом Республикаларида ҳам намойиш этилди. Қароргоҳи Истанбулда жойлашган GEM Group телеканалининг форсча субтитрлари билан сериални Эрон Ислом Республикасида ҳам кўришди.

«Севги изтироблари» ижодкорлари «Эмми» мукофоти билан.

Фото: «1news.az»

Ўзбекистондаги Zo‘r TV хусусий канали орқали ушбу сериал 2017 йил сентябридан бошлаб намойиш этила бошланди. Ушбу сериал Ўзбекистонда тезда оммалашди, ҳатто чойхоналарда ҳам сериални катта қизиқиш билан томоша қилишди. Унинг реклама баннерларини пойтахт кўчаларида ҳам кўриш мумкин эди. Ўзбекистонликлар Google’да 2017 йилда энг кўп қидирган сўровлар орасида 2-ўринни эгаллади.

Ўтган ҳафта «Azon.uz» сайтида «Миллат хоинларини таниб олинг» номи остида мақола чоп этилди. Ҳозирги вақтда ўчириб ташланган мақолада Зиёвуддин Раҳим Kara Sevda’ни шаҳватпарастликка мойил қилувчи, оилалар тинчлигини бузадиган, имонга, одоб-ахлоққа рахна соладиган бундай чиқинди сериални зудлик билан тўхтатишга чақирди. Шунингдек, бу каби сериални дубляж қилганлар миллат хоинларига тенглаштирилди.

14 февраль куни хотин-қизлар масаласида ўтказилган мажлисда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов телевидениеда намойиш этилаётган сериалларни танқид қилди. «Kun.uz»нинг ёзишича, Арипов «Севги изтироби» сериалига ҳам тўхталиб, оилалардаги маънавий муҳит бузилаётган, ажрашишлар кўпаяётган бир пайтда бу каби савияси паст сериалларни намойиш этишни қаттиқ танқид қилган.

16 февраль, жума куни эса «Севги изтироби» сериали намойиши Zo‘r TV’да тўхтатилди. Сериалнинг эндигина иккинчи фасли намойиши бошланганди.

Ўзбекистон телевидениесида сериаллар намойиши охирига етмасдан тўхтатилиши биринчи марта эмас.

«Келин» сериалидан кадр.

Фото: Sinematurk

2012 йил февралида ўзбек телеканалларида намойиш этилаётган барча турк сериаллари баравар тўхтатилганди. Ўшанда «Ёшлар» каналида «Келин», НТТ каналида «Муҳаббат симфонияси», «ТВ Марказ»да «Ажралсак-да биргамиз» сериаллари намойиш этилаётганди. Бундан ташқари, «ТВ Марказ» «Муҳташам юз йил» сериали тез орада намойиш этилиши ҳақида анонслар берилаётганди. Сериаллар тўхтаб қолиши техник носозликлар билан изоҳланган бўлса-да, турк сериаллари намойиши 2017 йилгача тикланмади. Бунгача НТТ ва «ТВ Марказ» каналларининг ўзи ҳам ёпилиб кетди.

Фото: «Муҳташам юз йил»

2015 йил апрелидан «Ёшлар» телеканалида ҳиндистонлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Сенга ошиқман» сериали намойиши бошланди. Ўзбекистонда кўпроқ сериалнинг бош қаҳрамони Ишани номи билан машҳур бу сериал ижтимоий тармоқларда ва турли блогларда кескин танқидга учради. Танқидчилар бу фильм ўзбек менталитетига мутлақо тўғри келмаслигини ёзди. Шунга қарамай, Ўзбекистонда ушбу сериалнинг мухлислари жуда кўп эди, ҳатто қашқадарёлик ота-она туғилган қизига Ишани деб исм қўйди. Хонанда Шароф Муқимов Ишани образини яратган Радҳика Маданни клипига ҳам чақирмоқчи бўлди.

«Сенга ошиқман» сериалидан кадр.

Кадр: YouTube

2015 йил сентябрда Оммавий ахборот воситалари мониторинги маркази бу сериал ўзбек менталитетига зидлиги ҳақида хулоса берди:

«Хулоса қилиб айтганда, мазкур сериал ғояси халқимиз менталитетига, миллий анъаналар ва оилавий қадриятларга зид бўлиб, унинг мазмуни ёшлар тарбиясига салбий таъсир этади.

Мазкур сериал мазмуни Ўзбекистон Республикаси «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонунннинг 14-моддасининг 3-хатбошиси (қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўймаслик), «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддаси, 5-хатбошиси (ёшлар орасида одоб-ахлоҳни бузишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилади) ҳамда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 16-моддасининг 3-хатбошиси (...болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи... фильмларни намойиш этиш тақиқланади) талабларига зиддир».

2015 йил сентябрь ойи охирида сериалнинг биринчи фасли тугаганидан сўнг, «Ёшлар» канали унинг давоми намойиш этмади.

Бир йилдан сўнг «Маданият ва маърифат» телеканалида ҳиндларнинг 2013 йилда суратга олинган «Маҳобҳорат» сериали эфирга берилишни бошлади. Қадимий ҳинд эпоси асосида суратга олинган бу сериалда тахт учун кураш тасвирланганди. Беш ака-ука шаҳзода бир маликага уйлангани ўзбек томошабинларида кескин танқидларга сабаб бўлди. Ваҳоланки, 90 йилларнинг охирида ҳам бу сериалнинг эски талқини ўзбек томошабинларига тақдим қилинганди. 1970 йилда эса «Жанглар қиссаси. Маҳабҳарата ёки Бҳарата авлодлари жангномаси» номи билан ҳиндларнинг бу эпоси оʻзбек тилида чоп этилганди.

«Маҳобҳорат» сериали постери.

Фото: «India-forums.com»

«Islom.uz» сайти орқали «Маҳобҳорат» сериалини томоша қилиш шариатга тўғри келиши ёки йўқлиги борасида савол билан мурожаат ҳам қилинди. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлди: «Куфрга рози бўлиш, куфр ҳисобланади. Шу фильмни кўрган кўп одамларнинг оғизларидан: ‘Жаноби Рамга шарафлар бўлсин’ деяётганларини ўзимиз ҳам эшитдик. Қандай қилиб бу сўзни куфр деб бўлмайди?»

Тинимсиз танқидлар оқибатида «Маҳобҳорат» намойиши ҳам тўхтатилди.

Телевидениеда намойиши тўхтатилгани билан юқорида номлари келтирилган сериалларни томошабинлар дискини сотиб олиб, кўришда давом этаверди. Томошабинлар сериалларни русча дубляжда, дубляж қилинмаганларини эса турк ва ҳинд тилида ҳам томоша қилаверди.

«Сенга ошиқман» сериалининг русча дубляждаги диски.

Қизиғи, намойиши охирига етмай қолган бу сериалларнинг бари Ўзбекистон каби Шарқнинг бир бўлаги ҳисобланган мамлакатларда ишлаб чиқарилган. Айни вақтда, «маънавият ҳимоячилари» томонидан «оммавий маданият»нинг манбаси сифатида нуқул олабўжи қилиб кўрсатиладиган Ғарб мамлакатларида (Лотин Америкаси давлатларини ҳам шу туркумга киритиш мумкин) суратга олинган қатор сериалларнинг ўзбек телеканаллари орқали эфирга узатилган, эфирга узатилмоқда. Бироқ уларнинг намойишини тўхтатиш учун жамоатчилик ё ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бунчалик жонбозлик кўрсатганини эслаш қийин. Ким билсин, балки бунинг сабаби уларнинг «Севги изтироби» ёки «Маҳобҳорат» каби оммалашиб кетмаганидадир?

2017 йилнинг иккинчи ярмидан «Кинотеатр» канали ўз вақтида «Ёшлар» каналида тўхтатилган «Келин» ва «Сенга ошиқман» сериалларини қайта намойиш этишни бошлади. Айни вақтда «Келин» сериали охирига етган бўлса, 2015 йилда қонунчиликка зидлиги айтилган «Сенга ошиқман» сериали ҳали ҳам давом этмоқда.