Ўтган ҳафта эътиборга молик воқеа-ҳодисаларга бой бўлди — биргина Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифининг ўзиёқ қандай катта, тарихий воқеа. Мана шундай ахборот оқимида «Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастурида кўрсатилган эски «Абу Сахий» бозорининг бугунги фаолияти ҳақидаги лавҳа ҳам ўз ўрнига эга — репортажда эълон қилинган рақамлар, сотувчи-ю харидорларнинг фикрлари, чет эллик инвестор шарафига йўлланган олқишлар муҳокамалар мавзусига айланди. Қайд этиш жоиз, «Ахборот 24»да кўрсатилган бу лавҳа Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мултимедиа маркази томонидан тайёрланган эди.

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

«Ахборот 24»нинг янгиланган «Абу Сахий» ҳақидаги лавҳаси — бир хатбошида

«Абу Сахий» бозорига уч ой аввал чет эллик инвесторлар жалб қилинган. Бозорнинг нафақат номи (энди у «Абу Сахий» эмас, Тошкент савдо маркази), балки уни бошқариш, савдо операцияларини ташкиллаштириш тизими тўлиқ қайта тузиб чиқилган, ҳамма-ҳаммага қулай шарт-шароитлар яратилган. «Абу Сахий»нинг эгалари бозорни фақат импорт товарлар билан тўлдиришга уринган бўлса, Тошкент савдо марказининг «халқаро тажрибага эга чет эл инвестори» экспорт билан ҳам шуғулланмоқда (уч ойлик экспорт натижасида давлат бюджетига 17 миллион доллар туширилган). Ҳамма хурсанд — харидорлар нархлар уч ойдан бери ошмай, фақат тушаётганидан (масалан, мобил телефонлар ўртача 15—20 фоизга арзонлаган),тадбиркорлар эса ижара ҳақи, тўловлар миқдори камайгани, «аввалларидек ўлпон йиғишлар» йўқлигидан.Ижара ҳақи ва бошқа тўловлар миқдори камайтирилса ҳам, Тошкент савдо марказининг даромади «Абу Сахий»нинг аввалги йиллардаги кўрсаткичларидан бир неча баробарга кўп. Боз устига, «Абу Сахий»да 2016—2017 йилларда кўрсатилган хизматлардан олинган 439 миллиард сўм маблағ давлат фойдасига тушмай, четга чиқиб кетган. Шу бозорда 10 йилдан бери телефон ва маиший техника сотадиган Омон Жўраев эса бир ҳафталар аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга раддия берди: «Ҳеч ким бизнинг фаолиятимизга чек қўйгани йўқ. Текширувчилар, пул талаб қилишлар йўқ. Буларнинг бари бўлмаган гап». «Ахборот 24» хулосаси: «Халқаро тажрибага эга чет эл инвесторини танлаш шуни кўрсатдики,.. мегамажмуанинг барқарор фаолият олиб боришига, бу ерда ҳам тадбиркорларга, ҳам аҳолига қулай шарт-шароитлар яратилишига, сотилаётган товарлар нархларининг мўътадил бўлишига эришилди». Ура!

Бу гапларнинг бари 8 дақиқа 55 сониялик видеода бироз кенгайтирилган кўринишда баён қилинган:

«Миш-мишлар»га раддия

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 ноябрда Бош прокуратура ҳузурида Ахборот-таҳлил мултимедиа марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди (марказнинг очилиши 2018 йил 8 январь куни бўлиб ўтди). Бош прокуратуранинг қайд этишича, марказ олдидаги вазифалардан бири — «медиа ва ижтимоий тармоқлардаги ахборот оқимини таҳлил қилиш ҳамда асослантирилмаган, бузғунчи ғояларни тарғиб этувчи маълумотларга ўз вақтида муносабат билдириш ва аудиторияга ҳаққоний ва холис ахборот етказиб бериш». Идора вакилларининг қайд этишича, бу «аҳоли орасидаги турли ноаниқликларга чек қўйиш, нотўғри ахборотга тегишли муносабат билдириш имконини яратади».

Бирор баҳонаи сабаб йўқдек кўринган бир фурсатда мамлакатнинг бош ахборот теледастури Тошкентдаги, энг катта бўлса-да, бир бозор билан боғлиқ лавҳага салкам тўққиз дақиқа вақт ажратиши — бироз кутилмаган ҳол. Тўғри, лавҳа давомида аввал айтилмаган кўплаб рақамлар, қизиқарли маълумотлар берилди (баъзилари ҳатто қўшимча саволларга ҳам сабаб бўлмоқда). Бироқ, афтидан, бутун бошли лавҳадан кўзланган асосий мақсад телефон билан савдо қилувчи Омон Жўраевнинг интервьюсидан англашилгандек. У, янги савдо марказида эски «Абу Сахий»даги каби «қўшимча тўловлар» йўқлигини айтиб, «бир ҳафта—ўн кун аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган гап-сўзлар»ни рад этди.

Тайёрланмаган томошабин Омон Жўраев «Ахборот 24» орқали айнан нимага раддия билдирганини тушуниши қийин. Лекин 23 февраль куни «Kun.uz» нашрида эгалари янгиланган «Абу Сахий»да мобил телефон билан савдо қилувчи тадбиркорлар зиммасига ҳар ой 300 доллардан ўлпон тўлаш вазифаси юклатилгани ҳақида хабар чиққани ҳисобга олинса, ҳаммаси ойдинлашади. Ўша хабарда нашрнинг исми ошкор этилмаган суҳбатдоши собиқ «Абу Сахий» бозори маъмурияти ҳам шундай йўл билан ноқонуний пул йиғимини амалга ошириб турганини айтган, аммо энди «ҳар ой 300 доллардан кимнингдир чўнтаги учун ишласак, рўзғорни ким тебратади», деб фикр билдирган эди.

«Ахборот 24»да чиқиш қилган телефон сотувчиси Омон Жўраев эса шундай деди:

«Олдинлари шартномалардан, давлат солиқларидан ташқари ҳам тўловлар бўларди. Ҳозир унақа тўловлар йўқ. Ҳаммасига чек қўйилган. Шундан хурсандмиз. Фақат биз эмас, бозорда ишлаётган қанча тадбиркор бўлса, ҳаммаси шундан манфаатдор, хурсанд. Бир ҳафта—ўн кун олдин ижтимоий тармоқларда ҳар хил гап-сўзлар бўлди. Бунақа нарса бўлгани йўқ. Ҳеч ким бизнинг фаолиятимизга чек қўйгани йўқ. Кўриб турганингиздек, очиқ-ойдин савдо қилиб турибмиз. Ҳеч қанақа нарса бўлгани йўқ. Текширувчилар, пул талаб қилишлар йўқ. Буларнинг бари бўлмаган гап».

Раддия «гап эгасини топади» қабилида тайёрланган бўлса-да, барибир унда бир мужда бор — Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мултимедиа маркази нафақат Давлат раҳбари ва ҳукумат имзолаган ҳужжатларни шарҳлаяпти, энди «нотўғри ахборотга тегишли муносабат билдириш»ни ҳам бошлади. Бундан аввал ҳам марказнинг бир-икки муносабати эълон қилинган эди, лекин улар асосан прокуратура (яна ҳам аниқроғи, идоранинг ҳозирги кунда халққа энг яқин қисми — Мажбурий ижро бюроси)нинг фаолияти билан боғлиқ эди. Энди билиндики, Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мултимедиа маркази ҳаётимизнинг прокуратурага алоқадор бўлмаган бошқа жабҳаларидаги «нотўғри ахборотга ҳам тегишли муносабат билдиради».

Саволлар: Инвестор ким? Савдо мажмуасининг номи нима?

Саволлар кўп. Лавҳа давомида бошловчи томонидан «бу ҳолга изоҳ беришга ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз» дейилгани билан, аслида саволлар кўп. Масалан, «Абу Сахий»нинг 2016—2017 йиллардаги фаолиятидан 439 миллиард сўм пул давлат бюджетига тушмай, четга чиқиб кетган, дейиляпти — у қандай пул, ким олиб чиқиб кетган, агар бу давлат бюджетига тушиши керак бўлган пул бўлса, унинг четга чиқиб кетгани учун энди ким жавоб беради ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Лекин ундан ҳам қизиқроқ савол бор — «Ахборот 24»нинг лавҳаси собиқ «Абу Сахий»нинг янги эгалари «чет эллик инвесторлар» эканини, улар бозорни сотувчига ҳам, харидорга ҳам қулай бир мегамажмуага айлантираётганини, эски хўжайинлар қилмаган кўп яхши ишларни қилиб, кўп яхши натижаларга эришаётганини билдирди. Лекин шундай ибратли инвесторларнинг кимлигини, уларнинг исмларини ва қаердан эканликларини айтмади. «Абу Сахий»нинг янги эгалари кимлиги кўпчиликка қизиқ, «Ахборот 24» эса, кўринишидан, бу қизиқишни янада кучайтирди.

«Абу Сахий» энди қандай номланиши ҳам бир қизиқ масала. 5 январь куни Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати шундай деб ёзганди: «Собиқ ‘Абу Сахий’ МЧЖда давлат бюджетига бир ойда 5 миллиард сўм тушган. Ушбу бозор ‘Тошкент ипак йўли’ мажмуасига айлантирилгандан сўнг атиги 15 кунда тушум 35 миллиард сўмга етган». «Ахборот 24»нинг лавҳасида эса чет эллик инвесторлар бозорнинг номини «Тошкент савдо маркази» деб ўзгартиргани ҳақида гапирди. Қайд этиш жоиз, бозор маъмуриятидаги манбалар аввалроқ «Дарё»га «Абу Сахий»нинг расмий номи энди «Тошкент савдо маркази» эканини маълум қилганди.

Бундай безарар ва оғриқсиз саволлар бисёр, лекин буларнинг барига «Учрашув» фильмининг «Совчилик» саҳнасидаги машҳур таърифни келтирган маъқул, шекилли — чет эллик инвесторимиз «қачон тилга кирсалар, ҳаммасини ўзлари гапириб берадилар». Ростдан ҳам — ижтимоий тармоқлар воситасида мижозлар билан мулоқот қилиш фойдадан холи эмас, қўшимчасига ҳар турли гап-сўзларга ҳам икки ҳафта ўтмай жавоб қайтариш, муносабат билдириш мумкин.