Қозоғистонлик тадбиркор Айдин Раҳимбоевга қарашли компания ходимлари Ақтўбе вилоятида автобус ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлганларнинг оилаларига 10 миллион тенге (тахминан 31 200 доллар) йиғиб тарқатди. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.

Фото: Sputnik

Хабарда айтилишича, хайрия тадбирида компаниянинг 1300 нафар ходимлари ва акционерлари иштирок этди.

«Кўпчиликнинг фарзанди етим қолди, оилалар бир онда ўз боқувчиларидан айрилди. Афсуски, пулларни оилаларга тарқатиш учун расман рухсатнома олишга бир ой вақт кетди. Лекин биз сабр билан кутдик ва ҳар бир оилага бориб қардош халқимизга ўз таъзиямизни билдирдик», — деб ёзади ижтимоий тармоқда Раҳимбоев.

Қурилиш компанияси раҳбарининг ёзишича, айрим оилалар бундан ҳайратга тушган, айримлар эса пулни олишдан воз кечган.

Эслатиб ўтамиз, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида Самара — Чимкент трассасида ичида 57 киши бўлган автобус ёниб кетди. Ёнғин оқибатида 52 киши ҳалок бўлди, уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эди. Беш киши – уч қозоғистонлик ва икки ўзбекистонлик фуқаро омон қолган.