Қўқон шаҳрида ўлик ҳолда топилган ўғил боланинг шахси аниқланди. Дастлабки тахминларга кўра, у ўз онаси томонидан ўлдирилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.

Фарғона вилояти прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, Қўқон шаҳридаги Қўқон–Тошкент автобекати яқинидаги автокемпинг устахонасидан ўлик ҳолда топилган ўғил боланинг шахси аниқланди. У 2015 йил 4 ноябрда туғилган Фирдавсбек Иброҳимжонов Иқболжон ўғли бўлган.

Дастлабки тахминларга кўра, у ўз онаси — 1995 йил 3 сентябрда туғилган, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Маъмуробод қишлоғида истиқомат қилиб келган аёл томонидан ўлдирилган бўлиши мумкин. Олиб борилган тезкор тергов-қидирув ишлари натижасида гумонланувчи Тошкент шаҳрида қўлга олинган.

Қайд этишларича, аёл турмушидан ажрашиб, ота уйида яшай бошлаган. 23 март куни эса оилавий низо туфайли 3 ёшли ўғли билан ота уйини тарк этиб, вақтинча ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига борган. Лекин фарзанди билан ўзига мос иш топа олмаган.

2 апрель куни у фарзанди Фирдавсни вақтинча қараб туриши учун танишига қолдириш мақсадида Тошкентдан Фарғона вилоятининг Учкўприк туманига келади. Танишини топа олмагач, йўналишли автобусда Қўқон шаҳрига келган.

«Аёл Қўқон–Тошкент автобекати ҳудудида ўғлини бўғиб ўлдириб, сўнг ишлаш мақсадида яна Тошкент шаҳрига қайтган бўлиши мумкин», — дея хабар беради «Дарё» мухбири.

Хабар беришларича, ҳозирда воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.