Москванинг Таганский туман суди «Роскомнадзор»нинг Telegram мессенжерини блоклаш ҳақидаги талабини қаноатлантирди, деб ёзади Spot.

Фото: Spot

Қайд этилишича, сервис федерал хавфсизлик хизматига фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини расшифровка қилиш имконини берувчи калитларни тақдим этмаган. Telegram калитларни 4 апрелга қадар тақдим этиши керак эди.

Суд иши 18 минут давом этди. Судья Юлия Смолина «Роскомнадзор» ва федерал хавфсизлик хизмати вакиллари сўзларини тинглади. Улар Telegram’ни ахборот тарқатишни ташкиллаштирувчилар махсус хизматлар билан ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилган «Ахборот тўғрисида»ги қонунни бузишда айблади.

«Telegram’да тарқатилаётган маълумотларда экстремизм, терроризм каби ғояларга эга бўлиши мумкин. Улар Россияга ва барча фуқароларга, хусусан мессенжер фойдаланувчиларига хавф туғдириши мумкин», — дейди «Роскомнадзор» вакили.

Федерал хавфсизлик хизмати вакиллари эса нафақат калитларни, балки уларни нима сабабдан бериш мумкин эмаслиги ҳақидаги маълумотни ҳам ололмаганини таъкидлаган.

Telegram асосчиси Павел Дуров эса ёзишмаларни расшифровка қилиш имконини берувчи калитлар фойдаланувчиларнинг ўзларида сақланишини айтган.