Марҳамат туманида яшовчи тадбиркор Ойбек Ашуров ташкил этган «Водий ҳамкор агрофирма» масъулияти чекланган жамиятида айни пайтда 450 бош қўй, 500 бош эчки парваришланмоқда. Яқин орада паррандачилик, асаларичилик, балиқчиликни ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган, деб ёзади «Халқ сўзи».

Фото: «Халқ сўзи»

«2016 йилда қуёнчиликка асос солган эдик, — дейди МЧЖ технологи Дилмуроджон Ашуров. — Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, битта қўйга сарфланган харажатни қуёнга сарфласангиз олти ой муддат ичида тўрт баробар кўп даромад келтирар экан. Буни амалда синаб кўриш учун Италия ҳамда Франциядан 115 бош ‘Калифорния’, ‘Янги Зеландия’, ‘Фландер’ ҳамда ‘Рекс’ зотли қуёнларни олиб келдик. Натижада 2017 йилнинг ўзида 3,5 минг бош қуён тарқатишга эришдик».

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, аграр тармоқда қуёнчилик ҳам сердаромад йўналиш ҳисобланади. Нега деганда, аввало, унинг гўшти парҳезбоп.

Фото: «Халқ сўзи»

«Водий ҳамкор агрофирма» қуёнчиликни вилоятда яна тараққий эттириш пайида бўлмоқда. Жамият томонидан шу йил бошидан буён 150 та фермер хўжалиги ва 200 дан ортиқ оилаларга қуён етказиб берилди.

Бундан ташқари, қуён гўштини қадоқлаш, терисини қайта ишлаш лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилиб, Россиядан 50 минг доллар қийматидаги технологик линия олиб келинди. Бу яқин орада терини қайта ишлаш корхонаси иш бошлайди, деганидир. Натижада йилига 150 минг долларлик тери хом ашёси Жанубий Кореяга экспорт қилинади.

Вилоят ҳокимлиги яқинда «Водий ҳамкор агрофирма» учун қўшимча 35 гектар ер майдони ажратди. Демак, омухта ем ҳам МЧЖнинг ўзида тайёрланади ва маҳсулот таннархи янада арзон бўлади.