Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳудудидан 2000 йиллик тарихга эга Кушан империяси даврига оид қалъа қолдиқлари топилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фото: ЎзА

Айни пайтда бу ерда таниқли археолог олим, Ўзбекистон қаҳрамони Ғайратдин Хўжаниязов раҳбарлигида вақтинчалик археологик ишлар олиб борилмоқда.

«Шу йил бошида, аниқроғи, 4 январь куни Тахиатош тумани ҳокимлигидан туман ҳудудидан эски кулолчилик идишлари топилгани ҳақида қўнғироқ қилиб айтишди, — дейди археолог. — Шу куни топилган кўзаларни менга олиб келиб кўрсатишди. Эртасига ўша ерга бориб ҳудудни кўздан кечирдик. Ҳақиқатан ҳам бу ерда эски тарих излари намоён бўлаётганди».

Тахиатош туманининг «Кенегес» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан топилган қадимий қалъа маҳаллий аҳолини ҳам бефарқ қолдирмади. У ердан топилган эсдаликлар туман халқ таълими бўлимига қарашли 4-умумтаълим мактаби музейига топширилмоқда.

Фото: ЎзА

Музей 2010 йилда мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Аралбой Нуржановнинг ташаббуси ҳамда директори Гулшод Изтлеуованинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган. Ҳозирда бу ерда 1500 дан ортиқ экспонат сақланмоқда. Музейда топилмалардан ташқари қадимий миллий либослар, тақинчоқлар, меҳнат қуроллари билан танишиш мумкин.