Ёшлар иттифоқи янги танлов — «Мажнунтол» гитара ва муаллифлик қўшиқлари танловини эълон қилди. Бу ҳақда  иттифоқ раҳбари Қаҳрамон Қуронбоевнинг Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилинди.

Фото: Facebook / Қаҳрамон Қуронбоев

«Ўзбекистон ёшлар иттифоқи истеъдодларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яна бир телевизион йўналишдаги лойиҳага қўл урди», — дейилади эълонда.

«Мажнунтол» деб номланган гитара ва муаллифлик қўшиқлари фестивали жонли ижро ва муаллифлик қўшиқлари ижрочиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаллифлик-вокал ижроси маҳоратини ошириш, мусиқачи-вокалистларни қўллаб-қувватлаш, янги иқтидорларни кашф этиш, истеъдодли ёшларни уюшган ҳолда фаолият юритишлари учун замин яратади.

Танлов 2 босқичдан иборат. Биринчи босқичда иштирокчилар анкетаси сараланиб, кастинг ўтказилади. Кастинг Тошкент шаҳрида жойлашган «Ёшлар ижод саройи» биносида 18 апрель куни соат 10:00 дан 18:00 гача бўлиб ўтади.

Кастингда ҳужжатларни ўз вақтида ва тўлиқ топширган талабгорлар қатнашади ва ўзлари танлаган қўшиқни жонли ижрода ижро этади.

Маданият ва санъат арбоблари, эстрада хонандалари, композиторлар, шоирлар, гитарачилар ва соҳага доир олий ўқув юрти вакилларидан ташкил топган ҳайъат аъзолари конкурснинг 2-босқичига иштирок этиш учун 30 нафар иштирокчини саралаб олади.

22 апрель куни танлов босқичи бўлиб ўтади.

Иккинчи босқич телевисион танлов бўлиб, бунда кўрик-танловнинг барча турлари MY5 телеканалида трансляция қилинади. Ғолиблар диплом ва совғалар билан тақдирланади.