Қозоғистоннинг Қустанай вилоятидаги «СариАрқаАвтоПром» заводи базасида ўзбек-қозоқ юк машиналари ва MAN автобусларини ишлаб чиқариш бошланди. Бу ҳақда Қозоғистон автобизнес ассоциациясига (AKAB) таяниб, LS хабар берди.

Фото: Autoconsulting

Лойиҳа қуввати йилига 3000 нусхагача машина ишлаб чиқариш имконини беради. Компания дастлабки босқичда 50 мингдан ортиқ техникани ишлаб чиқаришни режалаштирган. Ҳозирда автотранспорт воситалари тест режимида ишлаб чиқарилган ва кенг кўламдаги транспорт техникаларини ишлаб чиқаришга рухсат олинган.

«MAN техникасини Қозоғистон ҳудудида ишлаб чиқариш, шунингдек, транспорт воситалари учун нарх таклифини шакллантириш билан Eurasia MAN Truck & Bus Kazakhstan дистрибьютори ва расмий савдо тармоғининг бошқа иштирокчилари шуғулланади. Савдоларнинг бошланиш санаси ҳали маълум эмас», — дейилади хабарда.

«Аллюр» компанияси ҳамда «Ўзавтосаноат» ўртасидаги меморандум 2018 йилнинг бошида имзоланган эди.