Ўзбекистонда 12 апрелдан старт олган Блогерлар чемпионати биринчи босқичи учун блогпостлар қабули 20 майгача узайтирилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» хабар бермоқда.

Фото: «Xabar.uz»

2018 йилги Блогерлар чемпионати биринчи босқичи учун блогпостлар қабули 30 апрель куни ёпилиши лозим эди. Бироқ «кўплаб юртдошларимиздан ушбу тадбир ҳақида яқинда хабар топишгани, унда қатнашиш истагида эканликлари айтиб, ижодий ишларни қабул қилиш муддатини узайтириш илтимос қилинган кўплаб мурожаатлар келиб тушган».

«Жамоатчиликнинг талаб ва истакларини инобатга олиб ҳамда Чемпионат низомининг 10.1-бандига асосан Блогерлар чемпионатининг муддатини узайтиришга қарор қилинди. Унга кўра, 1-босқич учун ижодий ишлар 20 майгача қабул қилинади. Қолган босқичларнинг муддатлари ҳам ўзгарди: иккинчи босқич 22—31 майда, финал босқичи эса 2—12 июнда бўлиб ўтади», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Блогерлар чемпионатининг 1-ўрин соҳиби 15 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритади. Иккита 2-ўрин соҳибига 8 миллион сўмдан, учта 3-ўрин соҳибига эса 5 миллион сўмдан мукофот топширилади. Бундан ташқари, 10 дан зиёд номинациялар бўйича ғолиб деб топилганлар ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Чемпионатнинг бош ҳомийси ҳисобланган Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди «Танлов кашфиёти бўлган блогер»ни алоҳида тақдирлайди.

30 апрель соат 14:00 ҳолатига кўра, Блогерлар чемпионатига жами 234 блогпост келиб тушган бўлиб, улар 39 937 марта ўқилган, уларга 750 га яқин фикр қолдирилган. Блогпостлар 23 кишидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилади — ҳакамлар орасида Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов ҳам бор.