Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошидаги Гидрометеорология маркази хизмати 27 май куни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига ёпирилган тузли қум бўронига изоҳ берди, деб хабар қилади «Газета.uz».

Фото: «Газета.uz»

«Ўзгидромет»нинг таъкидлашича, 27—28 май кунлари Ўзбекистон шимоли-ғарбига Россиянинг Европага яқин ҳудудларида тарқалган совуқ ҳаво массасининг кириб келиши кузатилган.

Юқори тезликдаги фронтал оқим ва сезиларли даражадаги ҳароратлар фарқи республиканинг барча ҳудудларида кучли шамолни юзага келтирган. Бунда шамол тезлиги 17—22 м/секундни, айрим ҳудудларда 25—27 м/секундни ташкил этган.

Фото: «Газета.uz»

Энг ёмон об-ҳаво шароити Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кузатилган. Мазкур ҳудудларда узоқ вақтда давомида қуруқ об-ҳаво кузатилган (охирги марта ёмғир 25 апрель куни ёққан). 27 май куни содир бўлган қум бўронида ҳам деярли ёмғир ёғмаган.

Кун бўйи давом этган шиддатли шамол қуриб қолган ер юзасидаги чангларни ҳавога учирган. Бундан ташқари шамолнинг шимол йўналишда эсиши қуриб қолган Орол денгизининг тубидаги тузларни Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг қўшни ҳудудларига қадар учириб борган.

Фото: «Газета.uz»

Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида тез-тез қум бўронлари содир бўлиб туради. Аммо 27 май куни содир бўлганидек тузли қумларнинг бу қадар узоқ масофага учиб бориши доим ҳам кузатилавермайди.