«Яндекс.Новости» сервиси Ўзбекистонга кирди ва UZ доменида иш бошлади, деб ёзади Spot «Яндекс» матбуот хизматига таяниб.

Фото: «Лайфхакер»

Аввалроқ Ўзбекистон аҳолиси yandex.uz бош саҳифасида ўзбек матбуотидаги долзарб янгиликларни ўқиши мумкин бўлиши ҳақида маълум қилинган эди.

Энди news.yandex.uz сайти news.yandex.ru’га йўналтирмаяпти, Ўзбекистон ҳақидаги янгиликлар бўлимида эса чет эл ОАВлари билан биргаликда, маҳаллий ОАВларнинг ҳам янгиликлари пайдо бўлди.

«Яндекс.Новости» — «Яндекс»нинг янгиликларни автоматик қайта ишлаш ва тизимлаштириш хизмати. Сервис 2000 йилдан буён ишлайди. Янгиликлар реал вақт режимида қайта ишланади.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон аҳолиси «Яндекс.Музика» сервисида бепул мусиқа тинглаш имкониятига эга бўлди. Аммо компания сайтида сервисда мусиқага обунани сотиб олмасдан туриб, фақат Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Россияда тинглаш мумкинлиги айтилган.

Spot аниқлашича, сервисда мусиқани провайдердан қатъи назар, бепул эшитиш мумкин. «Демак компания ‘Яндекс.Музика’ сервисини ҳам тез орада Ўзбекистонда расман ишга туширади», дейилади хабарда.