Вазирлар Маҳкамаси томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилган. Ушбу кенгаш экспертлар иштирокида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиб, баҳолаш натижаларини ҳар йили икки маротаба эълон қилиб боради.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Тараққиёт стратегияси» марказида Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг «Очиқлик индекси» бўйича навбатдаги рейтинги эълон қилинди. Унинг натижаларига кўра, рейтингда дастлабки учликни Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Марказий банк эгаллаган.

Тўртинчи ўринни эса 64,30 балл билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги банд этган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, рейтингнинги аввалги таҳририда Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари орасида бешинчи ўринни эгаллаган эди.

Шу пайтгача рейтинг баҳолашда фақат давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратилган бўлса, жорий йилдан бу ишларнинг сифати ва сони, унинг самарадорлигини баҳолаш каби янги мезон асосида ўтказилди.

Бунда, энг аввало, давлат хокимияти органлари раҳбариятининг кенг аудитория билан мулоқоти, учрашув, матбуот анжуманлари, брифинглардаги бевосита иштироки, ахборот хизматлари фаолияти ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ҳамда аҳоли мурожаатларини ўз вақтида қаноатлантирилганига алоҳида урғу берилди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ‘Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаъги қонунда белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Бунда вазирлик Матбуот хизмати фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш, давлат органлари ва аҳоли ўртасида ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини яратиш бўйича қатор амалий ишлар олиб бормоқда», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.