2018 йил 18 январда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида Ўзбекистоннинг 52 нафар фуқароси тириклай ёниб кетган автобус салонида бўлган икки ўзбекистонлик жароҳат олган, аммо омон қолган эди. «Турон 24» мухбири улар билан суҳбатлашди.

Фото: «Турон 24»

Уларнинг иккиси ҳам Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан. Аҳрорбек Исоқов «Ўзбекистон», Исроил Мирзааҳмедов эса «Бозорбоши» маҳалласида истиқомат қилади.

«Худога айтганимиз бор экан, Аҳрор тирик қолди»

«Ўзбекистон» маҳалласига кириб келганимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасанбой Қирғизов қаршимиздан чиқиб қолди. Туман ҳокимлигига йиғилишга отланган экан. У киши билан тўғри Исоқовлар хонадонига келдик. Уйда Аҳрорнинг отаси Иброҳим ота ва акаси Баҳриддинни учратдик, ўзи ишда экан. Биз Иброҳим отани cуҳбатга тортдик.

Фото: «Турон 24»

— Саккиз нафар фарзандим бор, олти ўғил ва икки қиз. Аҳрор уларнинг кенжаси. У бўлган автобус ёнганини телевизордан билдик. Худога айтганимиз бор экан, тирик қолди. Ўша воқеадан 10 кун ўтиб соғ-омон қайтиб келди. Аммо фожиада укамнинг набираси Баҳодир Муродуллаев ҳалок бўлди. Ҳали уйланмаган, йигирма ёшга ҳам тўлмаган йигит эди.

Шундан кейин онаси билан Аҳрорни ҳеч қаерга юбормадик, ўзимизда ишлайсан дедик. Шукур, икки-уч ой бўлди, Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилишига ишга кирди. Энди хотиржамман, ахир ёшим салкам саксонга кирди, онаси ҳам етмишдан ўтди.

Хонадонда Аҳрор билан қўнғироқлашдик. Дам олиш куни бўлишига қарамай ишда экан. Вақтни бой бермай, нафақат вилоят ёки водийда, балки Ўзбекистонда бунёд этилаётган энг катта иншоотлардан бўлган Тўрақўрғон ИЭС томон қараб кетдик.

«Автобуснинг эшик ва ойналарини очолмадик»

Иншоот маҳобати билан кишини ҳайратга солади. ИЭСдаги қурилиш кўлами ниҳоятда катта.

Фото: «Турон 24»

Бу ерга келиб, жараённи бир нафас кузатдик ва Аҳрорга қўнғироқ қилдик. Орадан кўп ўтмай қаҳрамонимиз чиқиб келди. Уни таниб олиш унча қийин эмасди, чунки уйда биз суҳбатлашган акаси билан ўхшаш экан. Муддаомизни тинглагач, ўша машъум кунни хотирлашга ўтди.

— Ўттизга кирдим, ўн йилдан бери Россияга қатнайман. Қурилишда деярли ҳамма иш қўлимдан келади. Бу гал Қозон шаҳридаги бир объектни битказишга отлангандик.

Мен автобуснинг олд ўриндиғида ҳайдовчилар ёнида ўтиргандим. Ёнғин рўй берган пайт кўзим илинган экан. Кучли шовқиндан уйғониб кетдим. Автобус аланга ичида қолган, менинг ҳам шимим ёна бошлаганди. Жон ҳолатда ўзимни пастга отдим. Нима бўлаётганини англаган пайтимда автобус буткул ўт ичида қолганди.

Ўша кунлари ҳаво ҳарорати ўта пасайиб, автобуснинг ичи музлаб кетганди. Шунинг учун салон кавшар лампа билан иситилган. Автобусдаги оғзи очиқ беш литрли канистрда бензин бўлган. Ўша канистрдаги бензин аланга олиб, бутун автобус ўт ичида қолган.

Йўловчиларнинг ҳаммаси автобуснинг иккинчи қаватида бўлган. Эшиклар қулфланиб қолган, ёнғин чиққанда ҳамма ўзини орқа эшикка урган. Автобус эшиклари ҳаво билан ёпилгани учун ҳодиса пайти ишдан чиққан, орқа ва ўрта эшиклар қулфланиб қолган. Биринчи навбатда автобуснинг орқа эшикларини очмоқчи бўлдик, иложи бўлмади. Иккинчи қават ойнасига икки-уч марта ўт ўчириш мосламасини отдим, автобус ҳайдовчиси ҳам уриниб кўрди. Аммо ойналар жуда мустаҳкам бўлгани учун синдиролмадик.

Бир соатлардан кейин шифокорлар, ўт ўчирувчилар, полиция келди. Бу пайт автобус бутунлай ёниб бўлганди.

«Терговчиларга 10 кун кўрсатма берганмиз»

Қозоғистонда суд жараёни давом этаётганидан хабарингиз бор. У ерда иштирок этаётган айбланувчилар, уларнинг яқинлари омон қолганларни ҳам судга чақириб, сўроқ қилиш керак эди деган фикрларни айтган...

— Бунга ҳожат бўлмаса керак, чунки 10 кун Ақтўбедаги шифохонада ётган бўлсак, ҳар куни эрталабдан кечгача терговчиларга кўрсатма берганмиз. Аслида ҳайдовчилар воқеани электр тизимидаги носозликдан келиб чиққан ёнғин сифатида изоҳламоқчи бўлган. Биз ҳолат қандай бўлса шундайлигича, яъни салондаги бензин сабабли ўт кетганини рўйи-рост айтиб бердик. Қолаверса, бизга судга чақириқ қоғози ҳам келгани йўқ.

Аҳрордан янги иш жойидаги таассуротлари билан қизиқдик. Унинг бу ердаги фаолиятидан қониқиш ҳосил қилаётганини пайқаш қийин эмасди.

Фото: «Турон 24»

— Олдинроқ Ақтўбедан бирга қайтган шеригим бу ерга ишга кирганди. Июнь ойининг охирларида мени ҳам қабул қилишди. 158 киши 4 та бригадага бўлинганмиз, мен бригадирлардан бириман. Турк раҳбаримиз бор, бизга ҳар куни иш кўламини белгилаб беради. Маошдан нолимайман, қўлимга ойига 4 миллион сўмдан ошиқ пул тегаяпти. Шунга яраша эрталабдан кечгача, дам олиш кунларисиз меҳнат қилаяпман. Ундан ташқари «ИЭСда ишлаяпти» деган ном ҳам бор. Агар шундай иш ва маош бўлиб турса, Россия ёки бошқа давлатга боришни ҳожати йўқ, албатта. Ким ҳам иссиқ ўрнини совутгиси келади?

Бугун ИЭС, эртага Hyundai

Фожиада омон қолган яна бир ўзбекистонлик — Исроил Мирзааҳмедов ҳам шу иншоотда ишлаётган экан. У билан эртаси куни боғландик. Март ойида туман ҳокимлиги ёрдамида шу ерга ишга жойлашгани, темирчилик, тўғрироғи, каркас тўқиш билан шуғулланаётганини айтиб қолди. Ойига 1,6-1,8 миллион сўм атрофида маош қўлига тегаётганини билдирди. Исроил салкам қирқ ёшни қоралаяпти, тўрт нафар фарзанди бор. У ҳам шу фикрда, яъни шароит ва имконият бўлса, четга чиқишнинг ҳожати йўқ.

Фото: «Турон 24»

— Автобусда эшикка яқин ерда бўлганим жонимга оро кирди. Шунда ҳам куйиш жароҳатлари, шикастланишлар билан бир муддат шифохонада даволаниб чиқдим. Оилада тўрт ўғил, икки қизмиз. Ҳозир уч ўғил қолдик, укам 2009 йилда автоҳалокатда нобуд бўлган. Шундай фожиада омон қолганимни Яратганнинг инояти деб ўйлайман, чунки уйдагилар буни кўтара олмасди, — дейди Исроил.

Йигитлар бу ердаги қурилиш ишлари келгуси йил якунига етиб қолишини билдирди. Уларнинг кўнглини хотиржам қиладиган ҳолат шуки, эрта-индин Тўрақўрғонда яна бир гигант корхона — Hyundai заводи қурилиши бошланади...