Жорий йилнинг август ойида Фарғона вилояти Бешариқ туманида 14 ёшли қиз ҳомиладор бўлиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Унда қизнинг онаси уни уч эркак билан жинсий алоқага киришишга мажбурлаганликда гумон қилинаётгани айтилганди. UZ24 нашри бу хабарларга ойдинликлик киритиш ва ҳодиса тафсилотларини тўлиқ ўрганиш мақсадида суриштирув ўтказди.

Ушбу ҳолат юзасидан Бешариқ туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулчеҳра Йўлдошева шундай дейди:

«Ўтган йилнинг декабрь ойида у қиз ёнимга мактаб директори, психологи, ҳамшираси, отаси-онаси билан келди. Қиз мактабга бормай қўйганлиги сабабли ўқитувчиси, мактаб ҳамшираси ва мактаб психологи бунинг сабабини билиш учун қизнинг уйига боради. Ҳамширанинг текширувлари натижасида қиз ҳомиладор экани аниқланади. Шундан сўнг маҳалла раиси ва мактаб директорини олиб мени ёнимга бу масалада қандай чора кўришни сўраш учун келишади. Бўлган воқеани эшитгач, ИИБ профилактика бўлими нозири Жаҳонгирни чақирдим. Бу вояга етмаган қиз, суриштиринг дедим. Кейин тиббиёт бирлашма, Оналик ва болалик ҳамда гинекология бўлими бошлиқларини чақиртирдим.

Қизнинг онаси эса қизининг ҳомиладорлигидан хабардор бўлишига қарамай, қизим ҳомиладор эмас, деб туриб олган эди. У бизга агар шундай бўлса, қизимни ҳам ўзимни ҳам ўлдираман деб таҳдид қилди. Шундан сўнг текширув бошланиб кетди. Суд-психиатрия экспертиза хулосаларида қизнинг онаси ва уч эркак ўз ҳаракатларини тушуниб етгани ва ўз ҳаракатларини бошқара олганлиги, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга муҳтож эмаслиги кўрсатилган. Шунингдек, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси руҳий касалликлар шифохонасининг суд-комплекс психологик-психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, вояга етмаган қиз ақли заифликнинг енгил даражаси деб номланган туғма руҳий касаллик билан хасталангани, у ўзига нисбатан қилинган жинсий ҳаракатларнинг моҳиятини тўлиқ тушунмагани кўрсатилган».

Қизни кўрикдан ўтказиб, унинг ҳаётини сақлаб қолган ҳолда ҳомиласини туширишда қатнашган Репродуктив саломатлик маркази бош гинекологи хулоса эса бундай:

«14 ёшли бу қизни бизга онаси, участка дояси ҳамда мактаб ҳамшираси 26 декабрда олиб келди. Биз уни текширувдан ўтказдик. Қизнинг ҳомиласи 16 ҳафталик эканлиги ва унинг тушиш хавфи юқорилиги аниқланди. Бунга қандай чора кўришни маслаҳатлашиш учун мутасаддилар билан биргаликда далолатнома туздик. Унга кўра, бу аёлимизнинг соғлиги яхши эмас, оёқларида шиш бор, кам қон, буйракда ҳам ўзгариш бор эди. Бу қизга умуман туғиш мумкин эмас. Агар туғишгача олиб борилса, онанинг ўлимига олиб келиши мумкин, деган хулосага келганмиз. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 312-буйруғи асосида тушириш режалаштирилди. Онасининг розилиги билан болани тушириб олганмиз. Қизни тўлиқ назорат остига олдик. Уйида амбулатор карта очиб, мактаб ҳамширасини унга бириктириб қўйдик. Орадан бир ой вақт ўтиб, тергов-суриштирув ишлари бошланди».

Ҳозирда бу қиз Қўқон шаҳридаги махсус мактаб-интернатга жойлаштирилган

Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди бу ишни кўриб чиқиб, пул эвазига ўз қизини эркакларга қўшиб қўйган 39 яшар уй бекаси Феруза Давроновани Жиноят кодексининг 131-моддаси («қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш») 4-қисми «а», «б» бандлари, 118-моддаси («номусга тегиш») 4-қисми кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва қисман тайинловга жазо қўшиш йўли билан 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Қизни зўрлаганликда айбланган Бешариқ туман Чорбоғтўронил қишлоғи фуқаролари — Шерзод Балибеков, Жасур Эргашев ва Эргашали Сулаймонов Жиноят кодексининг 118-моддаси («номусга тегиш») бўйича айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бири 12 йилдан муддатга озодликдан маҳрум этилди.