АҚШнинг Google корпорацияси мустақил ОАВларга нисбатан цензурани айланиб ўтиш имконини берувчи мобил дастурни ишга туширди. Компания бу дастурни биринчи бўлиб Венесуэлада синаб кўрган.

Фото: Google Images

Intra мобил дастури ҳозирча фақат Android-қурилмаларда ишлайди. У фойдаланувчининг мобил қурилмасини бевосита Google серверларига боғлаш имконини беради. Бунинг натижасида фойдаланувчи маҳаллий интернет-провайдерлар томонидан ўрнатилган ҳар қандай блокировкани айланиб ўтиши мумкин бўлади. Қайд этишларича, ушбу мобил дастур ҳукуматнинг айрим сайтларни тақиқлаш бўйича имкониятларини ҳам чеклайди.

Хабар беришларича, Венесуэладаги синовдан сўнг мобил дастурдан бутун дунё бўйича фойдаланиш мумкин бўлди. Associated Press агентлигининг қайд этишича, Intra мобил дастури ишга тушганидан бери уни 130 мингдан ортиқ марта юклаб олишган.

Бу Венесуэладаги оғир ижтимоий-иқтисодий инқироз фонида юз бермоқда. Ушбу инқироз гиперинфляция, миллий валюта девальвацияси ҳамда биринчи навбатда зарур маҳсулотлар ва дори воситалари тақчиллиги билан бирга давом этмоқда.

Ғарб ОАВлари маълумотларига кўра, Венесуэла ҳукумати маҳаллий ахборот ресурсларнинг аксарият қисмини назорат қилади.